Кўпроқ болага йўлланма бериш имконияти бор, аммо оромгоҳларнинг ўзи саноқли: Самарқандда ёзги оромгоҳлар сони кўпайтирилиши айтилмоқда

Россия Федерациясидаги ёзги оромгоҳларнинг қамрови 30 фоизни, Беларусда эса 15 фоизни ташкил этади. Юртимизда, хусусан, вилоятимиз бўйича бу кўрсаткич 5-6 фоиздан ошмайди. Ўтган йилларда биргина Самарқандда 10 дан ортиқ оромгоҳлар хусусийлаштирилиб, ёпиб юборилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган пресс-турда кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов маълум қилди. Таъкидланишича, айни кунда юртимиздаги барча оромгоҳларни Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси балансига ўтказиш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Агар бу амалга ошса, тизимда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус агентлик ташкил этилиши режалаштирилган.

Вилоятимизга тўхталадиган бўлсак, ҳозир ҳудудда 18 та стационар оромгоҳ ва 56 та соғломлаштирувчи майдонча фаолият юритмоқда. Жорий мавсум уларда жами 22 минг 370 нафар болани дам олдириш режалаштирилган. 18 июль ҳолатига 15 минг 423 нафар бола оромгоҳларга қабул қилинган.

— Бу вилоятимиз учун жуда кам кўрсаткич, - дейди С.Рафиқов. – Касаба уюшмаларида кўпроқ болага йўлланма бериш имконияти бор, аммо оромгоҳларнинг ўзи саноқли бўлса, нима қилайлик. Шу боис федерациямиз ташаббуси билан вилоятнинг сўлим масканларида янги оромгоҳлар ташкил этиш режалаштирилган. Жумладан, Қўшработ ва Ургут туманларида бунга мос келувчи ҳудудлар бор. Ҳозир уларнинг лойиҳаси устида ишлаяпмиз.

Мавзуга оид савол-жавоблардан сўнг журналистлар Самарқанд туманидаги “Дўстлик” ёзги соғломлаштириш оромгоҳи фаолияти билан таништирилди.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги мазкур оромгоҳ 350 ўринга мўлжалланган бўлиб, бугунгача унда икки навбатда 650 нафар бола соғломлаштирилган. Оромгоҳ ҳудудида бассейн, футбол, волейбол ва турли кўнгилочар ўйинлар учун мослаштирилган майдончалар, бадиий чиқишлар учун саҳна мавжуд.

— Оромгоҳга келганимизга 5 кун бўлди, - дейди бухоролик Рустам Саидов. – Зерикканимиз йўқ. Мураббийлар ҳар куни янги ўйин ва мусобақалар ташкил этяпти. Овқатлари ҳам жуда мазали. Дўстларим билан вақтни қизиқарли ўтказяпмиз.

Мазкур оромгоҳга асосан темир йўл тизимида ишловчи ходимларнинг фарзандлари юборилади. Улар ичида Навоий, Бухоро, Жиззах вилоятидан келганлар кўпчиликни ташкил этди. Оромгоҳ бошқарувчиси Даврон Маматқуловнинг айтишича, аслида оромгоҳда бир бола учун 1 миллион 300 минг сўм тўлов қилиниши керак. Касаба уюшмаси тўлаб берган “компенсация”дан кейин ота-оналар бор-йўғи 200 минг сўм тўлов қилади.

Асқар Баротов.