Самарқандда замонавий дам олиш маскани барпо этилади
Самарқанд вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйида туристик марказ қурилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 26 июль куни бу ерга ташриф буюриб, шу борадаги лойиҳа таклифи билан танишди. Мажмуа учун 360 гектар ер ажратилиши, унинг 80 гектарида анжуманлар маркази, меҳмонхоналар ва бошқа объектлар қурилиши мўлжалланган. Меҳмонхоналар 5, 4 ва 3 юлдузли бўлиб, барча тоифадаги сайёҳларни қамраб олади. Сайилгоҳлар, сузиш жойлари, сунъий оролчалар, ресторанлар ташкил этилади.
- Самарқандликлар ва бу ерга келган юртдошларимиз дам олиш учун қаерга боради? Ҳозирча айтарлик бундай жой йўқ. Чет эллик сайёҳлар ҳам асосан тарихий обидаларни кўриш ва зиёрат учун келади. Шу боис дам олиш туризми учун ҳам шароит яратиш керак. Бу маскан зиёрат туризми билан ҳамоҳанг бўлиши, халқимиз, сайёҳлар бўш вақтида бу ерга келиб дам олиши зарур. Бу Самарқанд иқтисодиёти учун яна бир ўсиш нуқтаси бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Самарқандга келган сайёҳлар сони жорий йилда ўтган йилгига нисбатан икки баробар ошган. Келгуси икки йилда бу ерга чет эллик туристлар ташрифини 2, мамлакатимиз бўйича эса 10 миллионга етказиш мўлжалланган.