Самарқандда замонавий операциялар сони аввалги йилдан уч бараварга ошди

Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган янгилик ва ўзгаришлар аҳолининг саломатлигини сифатли даволаш, уларнинг оғирини енгил қилишга қаратилган. Бу эса одамларнинг давлатга, жамиятга нисбатан ишончини ҳам оширишга хизмат қилади.

- Бугун тизимдаги йирик ислоҳотлар биз, тиббиёт ходимларининг ўтган ўн йилликлар давомидаги қатор режаларимиз ва ниятларимизнинг ҳам рўёбига айланди, десак муболаға бўлмайди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Суҳроб Зайниев. - Биргина ушбу рақамга эътибор қаратинг: 2024 йилда юқори технологик амалиётлар 995 тадан 3462 тага, оперaциялар тури эса 151 дан 181 га, оператив фаоллик 62 фоиздан 67,6 фоизга ошишига эришилди. Бу узоқ йиллар давомида қоғозлардаги таклиф ва ташаббусларнинг амалдаги инъикосидир.

Шу ўринда биргина ўтган йил тизимда амалга оширилган ишларни рақамларда ифодалаб ўтсак. Тиббиётнинг муҳим, бирламчи бўғинида битта оилавий поликлиника, 4 та оилавий шифокорлик пунктлари фаолияти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, иккита маҳалла тиббиёт пункти ва 2020 та маҳалла тиббиёт бригадалари ташкил этилиб, “хонадонбай” ишлаш тизими йўлга қўйилди. Шунингдек, вилоятда мавжуд оилавий поликлиникаларнинг  43 тасига УЗИ ва ЭКГ аппаратлари ўрнатилди, 8 турдаги янги тиббий хизматлар йўлга қўйилди. Учта кўп тармоқли марказий поликлиника, 3 та оилавий поликлиника, 16 та оилавий шифокорлик пунктлари тўлиқ таъмирланди ва 15 турдаги асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Ихтисослаштирилган тиббий ёрдам тизими бўйича айтиб ўтадиган бўлсак, 2024 йил давомида вилоят тиббиёт муассасаларида 5899 та юқори технологик амалиётлар ўтказилди. Шундан 3800 нафар чет эл фуқароларига хизмат кўрсатилди.  

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида 1 миллиард 450 миллион сўмлик электрон микроскоп ўрнатилиб, 35 нафар фуқаронинг эшитиш хусусияти тикланиши ва бу орқали ногиронлик камайишига эришилди. 

Шунингдек, онкология йўналишида 27 турдаги илгари бажарилмаган 5645 та юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Саратонни эрта босқичларда аниқлаш мақсадида ўтган йил давомида мобил маммограф ускунаси ёрдамида 45-65 ёшдаги 2188 нафар аёлларда текширувлар ўтказилиб, 29 ҳолатда кўкрак бези саратони эрта босқичда аниқланди. Бундан ташқари, уч нафар беморда аутологик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантaцияси, 7 нафар беморда жигар трансплантaцияси ва 98 нафарида буйрак трансплантaцияси оперaциялари муваффақиятли ўтказилди. 

2025 йилда тиббиёт тизимидаги ўзгариш ва янгиликлар давом этади, жумладан, 16 та бирламчи тизим муассасалари тегишли штат бирликларини ажратган ҳолда фаолияти қайта тикланади. Яъни, 5 та оилавий поликлиника ва 11 та оилавий шифокорлик пунктлари очилиши режалаштирилган.

Ихтисослашган 16 та марказда 10 турдаги янги даволаш ва диагностика усуллари жорий этиш белгиланган. Қолаверса, 120 нафар шифокорни чет эл клиникаларида ўқитиш, 100 ўринли болалар тиббий реабилитация бўлими ташкил этиш, болаларда буйрак ва кохлеар, “суяк илиги” трансплантацияси амалиётларини жорий қилиш бўйича амалий ишлар олиб бориляпти. 

Шунингдек, жигар ва бачадон хавфли ўсмаларида интервенцион радиологик жарроҳлик амалиётларини йўлга қўйиш, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида экстракорпорал уруғланиш амалиёти йўлга қўйилади. 400 нафар фуқарода бепул эндопротезлаш амалиётлари бажариш ҳамда 108 469 нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг 6920 нафари (6.3 фоизи) тўлиқ ва қисман реабилитация билан қамраб олиш режалаштирилган. 

Шунингдек, Япониянинг “Sojitz Corporation” ва Туркиянинг “RNS PPP Sosyal Altyapi API A.S.” корпорациясининг тўғридан-тўғри капитали эвазига Самарқанд шаҳрида 800 ўринли кўп тармоқли клиника ташкил этиш режалаштирилган. Тўртта туман марказий шифохонасида хусусий тадбиркорлар ҳамкорлигида 13,5 миллиард сўмлик давлат хусусий шериклик ёки аутсорсинг асосидаги замонавий диагностика марказларини ташкил этиш ишлари мақсад қилинган.