Самарқандда заргарлик қандай ривожланяпти?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 7 ноябрда бўлиб ўтган маҳаллий саноатни янада ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида заргарлик бўйича ички бозор савдо ҳажми 300 миллион долларни ташкил этиши кўрсатиб ўтилганди.
Заргарлик соҳасидаги ислоҳотлар туфайли маҳаллий заргарлик маҳсулотлари ички бозорда сезиларли даражада кўпайди. Лекин уларнинг миқдори ва турларини кўпайтириш имкониятидан етарли фойдаланилмаяпти, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга зарур шароитлар яратилмаяпти.
Масалан, Самарқанд вилоятида 72 нафар заргар-ҳунармандлар олтин, кумуш ва мисдан турли заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқаряпти. Уларнинг аксарияти хонадонларида фаолият юритиши, ишлаб чиқариш, шогирдлар тайёрлаш ва иш ўринларини кенгайтириш имкониятлари чегараланганлиги сабабли соҳа етарли самарадорликка эриша олмаяпти.
Заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ҳунармандларнинг аксарияти Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Ургут туманларида фаолият кўрсатмоқда. Самарқанд шаҳрининг Алишер Навоий кўчасида, “Зебо” савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуасида, “Регистон” меҳмонхонасидаги дўконларда, Ургут бозорининг савдо расталарида заргарлик маҳсулотлари савдоси ташкил этилган. Аммо уларнинг атрофида инфратузилманинг йўқлиги, сайёҳлик маршрутларига қўшилмаганлиги, реклама воситаларининг камлиги туфайли ушбу маҳсулотлар савдоси етарлича эмас.
Заргар-ҳунармандлар билан ўтказилган давра суҳбатлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, усталарни тайёрлаш, савдони ривожлантиришда фойдаланилмай келинаётган имкониятлар борлигини кўрсатди. Яъни, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, иш жараёнида шогирдларни тайёрлаш, уларни фойдали ишга жалб этиш, савдони ривожлантириш учун аҳоли гавжум кўчаларда жойлашган, ижараси қиммат бўлмаган бинолар керак ва уларга маҳаллий, хорижий сайёҳларни жалб этиш зарур. Бу каби таклифларни умумлаштириб, Самарқанд шаҳрида замонавий савдо мажмуасини барпо этиш ва заргар-ҳунармандлар учун шароит яратиш имкониятлари кўрилмоқда.
Соҳани ривожлантириш мақсадида давлатимиз томонидан заргарларга қўшимча имтиёзлар берилиб, қимматбаҳо металларни олишда кечиктириб тўлаш учун барча банклар ва Экспортни рағбатлантириш агентлиги кафолатларини қабул қилишга рухсат берилди. Заргарлик учун ишлатиладиган қимматбаҳо ва безак тошлари божхона тўловларидан озод қилинди. Якка тартибдаги тадбиркорларга кечиктириб тўлаш учун банк кафолати тақдим этиш имконияти яратилди. 10 минг долларгача бўлган заргарлик буюмларини четга олиб чиқишга рухсат этилди. Қимматбаҳо металлар ва хомашёни қайта ишлаш учун вақтинча олиб кириш ва олиб чиқишда лицензия талаби бекор қилинди.
Ушбу имкониятлар самарасида вилоятда 155,2 миллиард сўм бўлган 48 та заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш инвестицион лойиҳалари ишлаб чиқилди. Улардан 38 таси янги ва 10 таси мавжуд ишлаб чиқаришларни кенгайтиришга қаратилган. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 455 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилмоқда.
Миллий заргарлик маҳсулотлари хорижлик сайёҳлар харид қиладиган муҳим маҳсулотлардан бири ҳисобланади. Шундай экан, заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш мамлакат иқтисодиёти ривожланишининг яна бир истиқболли имкониятидир.
Нозир Ибрагимов,
Самарқанд вилояти ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси.