Самарқанддаги 20 та мактабда туризм фан сифатида ўқитилади

Самарқандда давом этаётган Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессияси доирасида Глобал таълим форуми ўз ишини бошлади.

Тадбирда 140 давлатдан келган делегатлар, туризм вазирлари ва туризм маъмуриятлари раҳбарлари, Ўзбекистон таълим соҳаси масъуллари ва олий ўқув юртлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Форум аввалида Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ректори Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош котиби Зураб Пололикашвили сўзга чиқди.

– Ўзбекистонда таълим тарихи бир неча асрларга бориб тақалади, – деди А.Абдуҳакимов. – Буни Самарқанд шаҳридаги Регистон майдони мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ўрта асрларда бунёд этилган бу ердаги учта салобатли бино мадраса, ҳозирги тилда айтсак, олий таълим муассасаси бўлган. Бугун Самарқандда ушбу мадрасаларнинг давомчиси бўлган университетлар фаолият кўрсатмоқда. Бизнинг “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетимиз нисбатан ёш олий ўқув юртларидан бири ҳисобланса-да, туризм соҳасида кадрлар тайёрлашга ихтисослашгани билан ажралиб туради. Университетда нафақат Ўзбекистон, балки ШҲТга аъзо давлатлар ёшлари ҳам келиб таълим олади. Ҳозирда талабаларимиз орасида йигирмага яқин давлат вакиллари бор. Профессор-ўқитувчиларимиз орасида ҳам хорижлик мутахассислар кўпчиликни ташкил этади. Бундан ташқари, айни пайтда юртимизда туризм йўналишида мутахассис тайёрловчи ўндан ортиқ техникум ва коллежга ўқув услубий томондан ёрдам берамиз.

Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова юртимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва унинг натижалари ҳақида сўз юритиб, болалар туризмига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

– Бугунги кунда туризм иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади, – деди Ҳ.Умарова. – Шу сабабли болаликданоқ ўқувчиларимизда ушбу соҳа ҳақида тушунча ҳосил қилиш, уларнинг қизиқишларини ошириш учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Вазирлик тизимида Самарқанд ва Наманган вилоятларида болалар сайёҳлик базалари фаолият кўрсатмоқда. Эндиликда Самарқанддаги 20 та мактабда мактабдан ташқари таълим сифатида туризм таълими соатларини йўлга қўймоқчимиз. Бу борада Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти билан ҳамкорликни ишлаяпмиз.

Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош котиби Зураб Пололикашвили айни пайтда дунё миқёсида сайёҳлик жадал ривожланаётганини қайд этиб, бу жараёнда соҳа учун малакали кадрларга эҳтиёж ошиб бораётганини таъкидлади.

– Бугун дунёдаги ҳар бир давлат туризмга жуда катта сармоя киритмоқда, буни форум доирасида кеча ўтказилган инвестицион форум ҳам яна бир бор тасдиқлади, – деди Зураб Пололикашвили. –  Бундай кенг кўламдаги лойиҳаларни амалга ошириш, сайёҳларга юқори сифатли хизмат кўрсатиш учун мутахассислар керак. Лекин биз шу пайтгача бу масалага етарли даражада эътибор қаратмаганмиз. Кейинги икки йилда ташкилотимиз томонидан туризм таълими бўйича бир қатор лойиҳалар, дастурларни амалга оширишга киришдик ва бунинг самарасини кўряпмиз. Шу жиҳатдан Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларига туризм фан сифатида ўқитилишини олқишлаймиз. Бу ушбу йўналишда дунё бўйича илк тажриба ҳисобланади. Шунингдек, Самарқандда туризм академияси фаолият бошлаётганини ҳам қўллаб-қувватлаймиз.

Форумда ҳозирги ва келажак авлодлар учун инновациялар ва таълимни қўллаб-қувватлаш сиёсати бўйича олий даражадаги вазирлар муҳокамаси ўтказилмоқда.