Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги агентлик одамларни Кореяга юборолмади. Унга ишонганлар икки йил сарсон бўлди

Кейинги уч йилда жарангдор ном билан аталувчи, хорижга ишга кетишни хоҳловчи одамларни айтилган давлатга юбориш, у ерда даромадли иш билан таъминлаш ва бу борадаги имтиҳонлардан ўтказиб беришни ваъда қилувчи фирмалар кўпайгандан кўпайди.

Самарқанд туманида яшовчи 1991 йилда туғилган Нодир Ботиров (исм, фамилиялар шартли) ҳам айни шу ишни бошини тутди. Аниқроғи, у хорижга кетиш истагида бўлганлар ҳужжатларини тўғрилаб, тегишли идорага топшириш, иш қидириб юрган шахсларга иш танлаш, иш берувчилар учун кадр топиш, ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳатлар бериш ваколатига эга фирма очди.

Ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатлар олиб келмайдиган шартномалар билан Жанубий Корея давлатига ишга юборишни ваъда қилиб ўнлаб фуқароларнинг 3 мингдан 7 минг долларгача пулларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирди.

2018 йилда бошланган бу “операция” ҳали-бери очилмаслиги, чув тушган фуқаролар ҳамон орзулар оғушида юраверишлари мумкин эди. Аммо Жанубий Корея давлатига ишга юбориш учун ўтказилган синовлар барчасини фош қилиб қўйди.

Гап шундаки, имтиҳонга қатнашган фуқаролар натижалар эълон қилингач, берилган ваъдалар ёлғон эканлигини англай бошлади.

Бир гуруҳ бўлиб фирибгарликни амалга оширганлар энди вазиятни юмшатишга, ишни ими-жимида ҳал қилишга тушишди. Ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қатъий ҳисобдаги муҳим шахсий ҳужжат ҳисобланган фуқаролик паспортлари бирин-кетин қайтариб берилди. Бироқ ИИБга қилинган мурожаат ҳаммасига нуқта қўйди. Сабаби, ишнинг бошида турган сурхондарёлик шоввоз эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.

Тўғри, тергов давомида фирибгарлик йўли билан қўлга киритилган пуллар қайтарилган, яъни жабрланувчиларга етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган.

Бироқ қилмиш-қидирмиш, жиноятга жазо муқаррар.

Суд мажлисида Нодир Ботиров ҳалол тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлганлигини, у фақат чет элга ишга бормоқчи бўлганларга ҳужжат тўғрилашда ёрдамлашиб хизмат ҳақи олишни ўйлаганини билди. Аммо асли сурхондарёлик бўлган Абдулла Носиров билан танишгач ҳаммаси ўзгариб кетганини тан олди. Унинг билдиришича, Абдулла аввал ҳам бир қанча одамларни Жанубий Корея давлатига ишга юборганини айтган. Бундай фаолият учун хусусий агентликларга рухсат берилгач, Тошкентда “ССС” фирмаси очганини, ҳамкорликда катта ишлар қилишлари мумкинлигини билдирган.

Нафсим менинг балодур...

Халқимиз топиб айтган гапни бу икки шоввоз ҳам, уларга шерик бўлиб мўмай даромад топишни кўзлаган самарқандлик яна бир киши ҳам қонуний жазосини олди.

Аммо савол туғилади: қачон ҳуқуқий асослари пухта бўлмаган ҳужжатларга ишонмасликни, оддий ёлғонларга чув тушмасликни ўрганамиз?

Абдуҳаким Олтибоев,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раисининг ўринбосари.