Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги айрим театр мансабдорларига жиноий иш қўзғатилди

Жорий йилнинг май-июнь ойларида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Самарқанд шаҳар маданият бўлими, Каттақўрғон шаҳар драма театри ҳамда Самарқанд вилояти қўғирчоқ театрида давлат харидлари, давлат мулкини бошқариш ва ундан фойдаланишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан ўрганишлар ўтказилган эди.

Тадбирлар давомида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, Самарқанд вилояти қўғирчоқ театрида ўтказилган ўрганишда кўп йиллик меҳнат учун устама тўловлари тўланиши мумкин бўлмасада, 2019-2020 йилларда жами 59 430,4 минг сўмлик қўшимча тўловлар нотўғри тўлаб берилганлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 8 июль куни прокуратура идоралари томонидан вилоят қўғирчоқ театри мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилди ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, мазкур ҳужжатларнинг Самарқанд шаҳар маданият бўлимига нисбатан бўлган қисми 2021 йил 9 июлда Самарқанд шаҳар прокуратураси иш юритувидаги шаҳар маданият бўлими ходимларига нисбатан бўлган жиноят ишига қўшилган.

Бундан ташқари, Каттақўрғон шаҳар драма театрида ўтказилган ўрганишларда қайд этилган қонун ҳужжатларига риоя қилинмаганлиги натижасида, 2019-2020 йилларда 216 566,5 минг сўмлик иш ҳақи ва устама тўловлар нотўғри тўланганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар драма театри мансабдор шахсларига нисбатан 2021 йил 13 июль куни Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.