Қўғирчоқ театри қандай ишлаяпти?

Кичкинтойлар дунёқарашини шакллантириш, уларда санъатга бўлган қизиқишни уйғотишда қўғирчоқ театри алоҳида аҳамият касб этади. Чунки катта саҳнага бўлган муҳаббат айнан қўғирчоқ ўйинларидан бошланади.

Вилоят қўғирчоқ театри жамоаси ана шу муҳим вазифани уддалаяптими? Вилоят қўғирчоқ театрида ташкил этилган матбуот анжуманида шу ҳақида фикр юритилди.

Маълум қилинишича, театр жамоаси шу йил 86 минг 786 нафар томошабинга хизмат кўрсатишни режалаштирган. Ҳозирга қадар 45 мингга яқин болалар ва катталар спектакллардан баҳраманд бўлган. Жорий йилнинг олти ойи давомида театр жамоаси томонидан 204 миллион сўмдан зиёд маблағ ишлаб топилган бўлиб, ушбу маблағ гастроль сафарлари, ходимларни рағбатлантириш ҳамда декорациялар харидига сарфланган.

Қўғирчоқ театри республика миқёсида юқори натижаларга эришяпти. Ҳозирда 41 та давлат театри орасида энг кўп спектакль намойиш этиб келаётган жамоа сифатида эътироф этилмоқда. Театр жамоаси халқаро ҳамкорлик йўналишида ҳам фаол иш олиб бориб, тўққиз мамлакатнинг 12 та давлат театри билан меморандум имзолаган ва хорижий гастролларда иштирок этмоқда.

– Театр фақат саҳна ёки парда эмас, балки инсон қалбига етиб борадиган нозик кўприк, – дейди театр директори Ферузбек Абдурайимов. – Биз шу кўприкни мустаҳкамлаш, янги авлод қалбида санъатга муҳаббат уйғотиш, ҳаётга чироқ тутиш йўлида меҳнат қиляпмиз. Жамоамизда 60 нафардан зиёд ходим фаолият олиб боради. Улар 3 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар учун турли спектакллар намойиш этмоқда. Ҳозирги кунда репертуаримизда 30 га яқин саҳна асари мавжуд. Улар орасида миллий ва замонавий, тарихий ҳамда хорижий асарлар асосида тайёрланган спектакллар бор.

Жумладан, “Ғаройиб мусобақа”, “Ғозча”, “Али Қушчи”, “Сеҳрли хона”, “Трям! Здравствуйте”, “Мен катта бўлсам”, “Матонатли юрак” спектакллари нафақат вилоят миқёсида, балки республикадаги бошқа театрларда ва гастрол сафарлари давомида ҳам намойиш этиб келинмоқда.

Билет нархи қимматми?

Матбуот анжуманида билет нархлари ҳам журналистлар диққат марказида бўлди. Театр директори Ферузбек Абдурайимовнинг таъкидлашича, айни пайтда билет нархи 25 минг сўмдан 60 минг сўмгача белгиланган. Шу билан бирга, театрга бириктирилган ўнга яқин ҳомийлар томонидан кўмак берилмоқда. Шу сабабли болалар спектаклдан ташқари турли викториналарда қатнашиш, дам олиш оромгоҳлари ва кўнгилочар жойларга йўлланма ютиш, ширинликлар билан меҳмон қилиниш имконига эга бўлади. Байрамлар арафасида ва театр ҳафталиги доирасида эса спектакллар барча болалар учун бепул намойиш этилади.

Фазлиддин Рўзибоев.