Самарқандга Жакарта ва Куала Лумпурдан чартер рейслар амалга оширилади

Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган “International Travel Bazaar 2023” Самарқанд туризм форумида вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов бу ҳақда маълум қилди.

  – Ўзбекистоннинг зиёрат туризми учун Индонезия ва Малайзия энг катта бозор, – деди Р.Қобилов. – Ушбу давлатларда буюк муҳаддис Имом Бухорий ёдгорлигини ва бошқа муқаддас қадамжоларимизни зиёрат қилиш истагида бўлган миллионлаб инсонлар бор. Биргина Индонезиядан ҳар йили 221 минг нафар фуқаро Ҳаж зиёратига, 1 миллион нафари Умрага боради. Ушбу сафар олдидан улар Ислом оламидаги бошқа табаррук жойларни зиёрат қилишади. Ҳозирда уларнинг бу борадаги асосий танлови Туркия ҳисобланади. Биз бу йил янгидан бунёд этилаётган Имом Бухорий мажмуасидаги қурилиш ишларини якунлаб, сайёҳларни қабул қилишни бошласак, шубҳасиз, Индонезия ва Малайзиялик зиёратчиларнинг катта қисми Ўзбекистонга келади.

Биз яқинда ушбу давлатларда хизмат сафарида бўлиб, туризм, маданият ва дин соҳалари вакиллари билан бу ҳақда фикрлашдик. “Куала Лумпур – Самарқанд – Жидда”, “Жакарта – Самарқанд – Жидда” йўналишларида авиқатновларни йўлга қўйиш юзасидан таклифларимизни билдирдик. Уч ва беш кунлик турпакетларимизни тақдим этдик. Иккала давлат туризм соҳаси масъулларини март ойида Самарқандга таклиф қилдик. Ана шу ташриф чоғида уларга зиёрат туризми объектларимизни, Наврўз умумхалқ байрами сайллари, улоқ-кўпкари ва бошқа миллий анъана ва қадриятларимизни намойиш этмоқчимиз. Рамазон ойида эса зиёрат туризми йўналишади икки давлатдан ҳам чартер рейсларни амалга оширамиз. Бу кейинчалик мунтазам қатновларни йўлга қўйишимизга ҳам асос бўлади.
  Маълумотларга кўра, ўтган йил Самарқандга 1,2 миллион нафар хорижлик сайёҳ келган. Жорий йилда бу кўрсаткични 1,5 миллондан ошириш кўзда тутилган.