Самарқандга замонавий илмий-амалий тиббиёт маркази зарур

Президент ташрифидан сўнг...

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 декабрда Парламентга йўллаган Мурожаатномасида аҳоли ўртасида онкологик касалликлар кўпайиб бораётгани ва бунга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш зарурлиги энг муҳим масалалар қаторида қайд этилди. Бу борада Вазирлар Маҳкамаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига вазифалар топширилди.

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг шу йил 11 январдаги навбатдан ташқари сессиясида ҳам Президентимиз вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратишга оид дастурлар ҳақида сўз юритиб, яна ушбу масалага алоҳида эътибор қаратди. Онкологик касалликлар кўпайишининг олдини олиш, хасталикни барвақт аниқлаш ва самарали даволаш учун мазкур йўналишдаги тиббиёт муассасалари фаолиятини замон талаблари даражасида йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Ўз навбатида, Самарқандда хорижий давлатларнинг тажрибаси, тиббиётнинг илғор технологияларини қўллаган ҳолда замонавий илмий-амалий марказлар ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу фикрларидан сўнг соғлиқни сақлаш вазири билан биргаликда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали фаолиятини, муассасамизда беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва даражасини, умуман, мазкур йўналишда вилоятимизда олиб борилаётган ишларни таҳлил қилдик.

Аввало, таъкидлаш керакки, Президентимизнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан сўнг бизнинг филиал фаолиятида ҳам туб бурилиш рўй берди. Муассаса бир қатор замонавий тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди. Қўшимча штатлар ажратилди, шифокор мутахассисларнинг хорижий давлатлардаги етакчи тиббиёт марказларида малака ошириши ва тажриба алмашиши йўлга қўйилди.

Жумладан, 2017-2018 йилларда 16 нафар ходимимиз Россия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Туркия ва бошқа давлатларда малака ошириб қайтди, онкологик касалликларни даволашнинг самарали усулларини ўрганди. Тўрт нафар ёш ходим ҳозирда аспирантурада таҳсил олмоқда. Биргина ўтган йили хориждан юқори малакали мутахассислар 12 марта келиб, ёшлар учун маҳорат машғулотлари ўтди. Беморларни тиббий кўрикдан ўтказди, ҳамкорликда жарроҳлик амалиётларини бажардик.

Энг муҳими, филиалда илк бор ўзимизнинг мутахассислар билан қизилўнгач саратони бўйича уч хил, ўпка саратони бўйича икки хил, шунингдек, меъда ва меъда ости саратони, сийдик қопи, кўкс оралиғи ва қорин парда орти ўсмалари бўйича бир неча хил мураккаб операцияларни ўтказа бошладик. Шу пайтгача самарқандлик беморлар ушбу жарроҳлик амалиёти учун Тошкентга ёки хорижий давлатларга боришга мажбур эди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, 2016 йилда Самарқанддан Тошкентга ҳар ҳафта 85-90 киши даволаниш учун борган. Ҳозир эса бу кўрсаткич 22-27 тага тушди. Бу беморлар ҳам нур терапиясини олиш учун пойтахтга бормоқда. Жорий йил биринчи чорагида филиалда ушбу муолажани йўлга қўйсак, беморларга янада қулайлик яратилади.

Биз, тиббиётчиларда касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал, деган гап бор. Бу фикрнинг айниқса, саратон хасталикларида аҳамияти жуда катта. Давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган қарорида ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Шундан келиб чиқиб, икки йилдан буён туманларга бориб онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлаш бўйича профилактик тадбирлар ўтказаяпмиз. 20 га яқин мутахассисимиз билан гуруҳларга бўлинган ҳолда туманларда қишлоқ оилавий поликлиникалари ва врачлик пунктларига бориб, тиббий кўрик ташкил этаяпмиз. Рўйхатда турган беморларга маслаҳат ва тавсиялар бераяпмиз. Шунингдек, аҳоли билан соғлом турмуш тарзи, хавфли ўсма касалликларининг олдини олиш бўйича суҳбатлашаяпмиз.

Ушбу тадбирлар натижасида 2018 йилда бирламчи аниқланган беморлар 1736 нафарни ташкил этди. 2017 йилда бу рақам 1880 дан ортиқ эди. Касалланиш кўрсаткичи (100 минг аҳолига нисбатан) 50,8 дан 47 нафарга камайди. Эътиборлиси, касалликни дастлабки босқичда аниқлаш кўрсаткичи ошди. Бу беморларни самарали даволаш имкониятини кенгайтирмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат, ўтган йили муассасамизга юртимизнинг бошқа ҳудудларидан 60 дан ортиқ бемор мурожаат қилди. Ҳатто, Россия, Озарбайжон, Украина, Тожикистон ва бошқа давлатлардан 25 нафар бемор келиб, даволаниб кетди. Айниқса, ўтган йили қўшни давлатлар билан чегарадан ўтиб-қайтиш тизими соддалаштирилгани натижасида бизга Тожикистондан беморлар кела бошлади. Албатта, уларга тегишли тартиб асосида ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилаяпмиз. Бу йил ушбу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштирмоқдамиз.

Бундан ташқари, жорий йилда Самарқандда хорижий давлатлар вакиллари иштирокида онкологиянинг долзарб муаммоларига бағишланган конференция ўтказиш режалаштирилган.

Шу ва бошқа омиллар Президентимиз таъкидлаганидек, Самарқандда хорижий давлатлардаги тиббий марказлар билан ҳамкорликда онкология бўйича замонавий илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этиш фурсати етганини кўрсатмоқда.

Миржалол ЖЎРАЕВ,

Республика ихтисослаштирилган онкология

ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази

Самарқанд филиали директори,

тиббиёт фанлари доктори, профессор.