Самарқандлик фахрийлар ҳарбий хизматчилар эътиборида
Мудофаа вазирлиги тизимида юртимиз бўйлаб карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олиш, ёш аскарларнинг улар билан суҳбатини ташкил этиб, ҳарбийлар қалбида ватанпарварлик ҳисларини жо этишга йўналтирилган маънавий-маърифий тадбирлар тизимли йўлга қўйилди.
Хусусан, Самарқанд шаҳар Марҳабо маҳалласида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Бектемир Қаршибоевнинг хонадони ҳарбий хизматчиларнинг навбатдаги манзили бўлди. Отахоннинг уйида меҳмон бўлган Марказий ҳарбий округи Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисм раҳбарияти 97 ёшли Бектемир бобонинг саломатлигини кўрикдан ўтказиб, уйида дезинфекция ишларини ҳам олиб борди, совға-саломлар тақдим қилди.
Суҳбат жараёнида Бектемир бобо уруш йилларида бошидан кечирган машаққатлар, азоб-уқубатларини гапириб, ҳарбийларни бугунги дориламон кунлар қадрига етишга, тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётган Ватанимиз равнақига ҳисса қўшишга чорлади.
Марказий ҳарбий округ ахборот хизмати.