Самарқандлик фидойилар тақдирланди
Вилоят ҳокимлигида Президентимизнинг тегишли фармонларига кўра, Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида давлат мукофотлари билан тақдирланган бир гуруҳ юртдошларимизга ушбу мукофотларни топшириш маросими ўтказилди.
– Давлат мукофотига сазовор бўлиш, бу – давлат раҳбарининг эътирофи, жуда катта фахр, – деди вилоят ҳокими Э.Турдимов маросим аввалида. – Чунки, ҳар бир инсон ўз ҳаёти давомида зиммасидаги вазифани шараф билан, виждонан бажариш жараёнида бунинг учун элнинг, раҳбариятнинг назарига тушади, олқиш, дуо олади. Заҳматли меҳнатлар юрт сарбони томонидан эътироф этилиб, давлат мукофотига лойиқ кўрилса, кучига-куч, ғайратига-ғайрат қўшилади. Қолаверса, бу бошқаларни ҳам фаолликка чорлайди. Бугун сизлар ана шундай шарафга муносиб кўрилган, Самарқанднинг энг фаол, фидойи, жонкуяр инсонларисиз. Барчамиз сизлар билан фахрланамиз, ибратли фаолиятингиз, ҳаёт йўлингизни бошқаларга ибрат қилиб кўрсатамиз.
Бу йил вилоятимиздан ўз соҳасининг фидойиси бўлган уста-ҳунармандлар, нуронийлар, тажрибали раҳбарлар, таълим, тиббиёт соҳалари ва маҳалла тизими ходимлари, тадбиркорлар, томорқачилар, коммунал хўжалик вакиллари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари – йигирма нафарга яқин инсонлар давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Маросимда давлат мукофотларини Президент номидан вилоят ҳокими Э.Турдимов топширди.
Тадбирда мукофотланганлар сўзга чиқиб, эътирофдан миннатдорликларини билдирдилар.
– Маҳалла тизимида ишлаб, доим одамлар орасида бўлганимиз учун ҳеч иккиланмай айта оламанки чиндан ҳам инсон қадри улуғланаётган юртда яшаяпмиз, – дейди Оқдарё туманидаги “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Матлуба Эшмуродова. – Аҳолининг ҳеч бир қатлами, айниқса, ижтимоий кўмакка муҳтож кишилар, хотин-қизлар давлат эътиборидан четда қолаётган эмас. Ҳар бир кишига муносиб турмуш шароити яратиш, ўқиши, ишлаши, оила тебратиши учун шароит яратиб берилмоқда. Давлатимизнинг ана шу инсонпарвар сиёсатини энг қуйи тизим бўлган маҳаллада амалга оширишга ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман. Камтарона меҳнатларим юксак баҳоланиб, давлат мукофотига лойиқ кўрилганидан эса бошим кўкка етди.
Маросимдан сўнг тадбир қатнашчилари учун байрам дастурхони ёзилди.