Самарқандлик Ўзбекистон чемпионлари Таиландга боради
Тошкент шаҳрида юнон-рум кураши бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон кубоги ғолиблари аниқланди. Унда мамлакатимизнинг барча вилоят ва шаҳарларидан келган 160 дан ортиқ спортчи совринли ўринлар учун кураш олиб боришди.
Самарқанд давлат университети талабаси Дониёрхон Нақибов 67 килограмм вазн тоифасида барча рақибларни енгиб, финалда андижонлик А.Aлиев устидан 6:4 ҳисобида ғалаба қозонди ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Шунингдек, 87 килограмм вазнда Ш.Жўрабоев (Булунғур тумани) ҳамда 130 килограмм вазнда Т.Насимов (Оқдарё тумани) олтин, Қ.Тошназаров, Ҳ.Эшназаровлар ўз вазн тоифаларида кумуш, М.Суюнов (барчаси Оқдарё туманидан) эса бронза медалларига сазовор бўлди.
Ушбу мусобақада вилоятимиз терма жамоаси 3 та олтин, 2 та кумуш ва битта бронза медални қўлга киритди.
Мусобақа ғолиблари мамлакат миллий терма жамоаси таркибида шу йилнинг июль ойида Таиланд давлатида ўтадиган Осиё, август ойида Россиянинг Қозон шаҳрида бўладиган жаҳон чемпионатларида иштирок этади.
Жахбар Жабборов,
Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси.