Самарқандлик қарийб 444 минг фуқаро бир марталик моддий ёрдам  пули олади

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини, жумладан, кам таъминланган болали оилаларни аниқ йўналтирилган тарзда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий фаровонлик даражасини ошириш, шунингдек, инсонпарварлик, меҳр-оқибат, саховат тадбирларини изчил давом эттириш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан “Аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Қарорда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига икки ҳафта муддатда давлат бюджети ҳисобидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш белгиланди.

Ҳужжатга кўра, масалан, 800 минг сўм миқдорида ёшга доир пенсия олиб турган фуқарога 300 минг сўм бир марталик моддий ёрдам пули берилади. Шунингдек, 18 ёшгача ногирон боласига болаликдан ногиронлик нафақаси олиб туриб, бундан ташқари ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалар парваришлаш нафақаси олувчи аёлга ҳар бир нафақа тоифаси учун 300 минг сўмдан, жами 600 минг сўм бир марталик моддий ёрдам ажратилади. Ёки 3 нафар боласига боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчи фуқарога ҳар бир боласи учун 300 минг сўмдан, жами 900 минг сўм бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.

Шу билан бирга “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамда кам таъминланган сифатида болалар нафақаси олувчи оилаларнинг 18 ёшга тўлмаган ҳар бир боласига 200 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам берилади.

Қарор ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида вилоят бўйича ушбу моддий ёрдам пулларини олувчи 443 минг 880 нафар фуқаронинг рўйхати ва тўлов қайдномалари шакллантирилди ҳамда Халқ банки орқали тўлаб берилиши учун юборилди. Пенсия ва нафақасини банк картаси орқали олувчи ушбу тоифадаги фуқароларга эса бир марталик моддий ёрдам пуллари картасига тушириб берилмоқда.

Абдурашид Раҳимов,

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси шуъба раҳбари.