Самарқандлик сапёр: «Қўрқув ҳақида ўйлашга вақт бўлмасди!»

✅ «Мусаффо осмонимиз борку!». Бу гап кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда салбий бўёқда ишлатиладиган, киноя, кесатиқ, пичинг билан айтиладиган бўлди. Озгина бўлса-да, шукроналик мазмунидаги фикрларга нисбатан «мусаффо осмонингдан бўлак ниманг бор!» дея кесатадиганлар кўпайди…

✅ Мусаффо осмон… Унинг мавжудлиги пичингми?! Ундан баҳраманд эканимиз айбми? Уни таъкидлаш кулгилими? Билмадим… билганим шуки, қуйидаги қаҳрамонимиз ўзини портлатиб, суяк ва этлари турли томонга сочилиб кетган ёшгина йигитдан чиққан тутунни кўрганда мусаффо осмондан улуғ неъмат йўқлигини англаган…

✅ Ҳар қадамда хавф, бир қадам боссанг, портлаб кетиш эҳтимоли бор ерларда оёқлари қавариб, портловчи моддани излаб юрганда мусаффо осмоннинг қадрини чуқурроқ ҳис қилган.

Туғма овчи

Тоғу даштда ўсган бу инсон ёшлигидан нишонга бехато уришни уддаларди. Ҳа, гап фақат қуролдан тўғри фойдаланиш ҳақида эмас. Мақсадни тўғри қўйиш, ишининг кўзини билиш, сўзлаш, хатти-ҳаракатда ҳам ортиқчалик йўқ эди.

- Нурота тоғлари, Қўшработ далаларида ўсган болалик пайтимдаги табиатга қизиқишим ҳалиям бор, - дейди Қодир Эргашев. – Болалагимдан  ҳамма оёқ босиб, йўлакчалар ҳосил бўлган тоғ йўлларидан эмас, балки кўпчилик ўтишга қўрқадиган, халқ орасида турли қўрқинчли миш-мишлар тарқалган даралар оралаб юришни ёқтирардим. Ўша ерларда ҳайвонларнинг ҳаракатини кузатишдан,ўтиш қийин бўлган йўлларни оралашдан завқ туярдим. Тўққизинчи синфларда ўқирдим, адашмасам. Бир неча юз метр баландликда учиб ўтаётган ёввойи ғозни отиб, туширганим эсимда. Отам овчилик қиларди, мен ҳам доим бирга чиқишга ҳаракат қилардим, табиатнинг улуғворлиги, жонзотларнинг абжирлиги, шамолнинг ёқимли шириллаши ҳаммаси ўзгача завқ берарди. Отамдан менга ҳам овчилик хислатлари ўтганди.

Мактабни тугатиб, армияда хизмат қилдим. Олис Қозон шаҳрида армия хизматини тугатишим арафасида истаган олий таълимни танлаш ва унга имтиёзли тарзда ўқишга кириш имкони берилди. Ўшанда ҳеч иккиланмай Тошкент давлат техника университетининг тоғ-кон металлургия факультетини (тоғ билан боғлиқ бўлгани учун) танлагандим. Бу таълим даргоҳини тугатгач, “Самарқандмармар” корхонасида муҳандис-технолог вазифасида иш бошладим. Корхонада ишлаб юрарканман, уни назорат қиладиган Ғарбий Ўзбекистон тоғ-кон техника назорати инспекцияси раҳбари Николай Тэн назарига тушдим. Дарҳол мени ўз ташкилотига ишга таклиф қилиб, бирмунча вақт бирга астойдил меҳнат қилдим.

Орадан икки-уч йил ўтмай, Николай Виссарионович мени қабулига таклиф қилиб, "Сени бир ишга тавсия қилдим, мени уялтирмайсан, сенга ишонаман", деб оқ йўл тилади. Нима гаплигини билмайман, хабарим йўқ, ўша куннинг ўзидаёқ ички ишлар вазирлигига суҳбатга чақирилдим. Кейин билсам, ўша йиллари ички ишлар тизимида «Портловчи моддаларни қидириб топиш, зарарсизлантириш ва йўқ қилиш бўйича махсус гуруҳ» ташкил этилган экан. Бу 1998 йилларда бўлиб, шу йиллари юртимизда террорчилик ҳаракатлари кўрина бошлаган, давлатимиз раҳбари тегишли мутасаддиларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда ички ишлар тизимида шундай бўлимлар очилишига рухсат берган экан. Шу тариқа Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси ва ички ишлар вазирлиги раҳбарияти суҳбатидан ўтдим ва махсус гуруҳ жамоаси билан иш бошладик.

Тоғ-кон тизимидан ички ишлар соҳасига

Ўша пайтлар Андижон, Тошкент воқеаларидан кейин республикада вазият нотинч бўлиб қолган, турли томонлардан хавф келиши ҳолатлари кузатилаётган, ҳар қадамда сергаклик керак пайтлар эди. Эсимда, гуруҳ янги ташкил этилгани туфайли ҳали етарлича жиҳозларга эга эмасдик, ҳимоя кийимларимиз ҳам фақатгина бронежилетдан иборат эди. Тундами, тонг саҳарми, доим огоҳ бўлишимиз лозим. Ҳозир, нафақада пайтим бу ҳақда ўйлаб ҳайрон қоламан. Одамлар ҳаётига масъуллик кишига куч берарканми, неча кунлар ухламаган кунларимиз бўларди. Дераза рахларида мизғиб олардик, кези келганда. Ярим тун, ҳориб уйингга қайтаётган пайтинг битта қўнғироқ бўлади ва ҳеч оғринмай яна тезкор бориш лозим бўлган масканга қараб югурасан. Энг муҳими, буни бурчинг ва масъулиятинг деб биларкансан.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир чақирув бўлганди – ўзини портлатиш ҳолати. Ёшгина йигит экан, суяклар ҳар томонга сочилиб кетган, атрофдан келаётган куюк ҳиди одамнинг нафратини келтиради. Тинч­ликка раҳна солаётганлар, уруш истаётганлар, ёш йигитларнинг онгини заҳарлаётганларга нисбатан кўнгилда ўчмас ғазаб пайдо қилади.

Алоҳида таъкидлашни истардимки, ички ишлар тизимининг бир тану бир жон бўлиб меҳнат қилиши, аҳолининг, кенг жамоатчиликнинг эҳтиёткорлиги, огоҳлиги иш фаолиятимизнинг самарасини таъминлашда муҳим аҳамият касб этарди. Сабаби, аҳоли томонидан ҳам хавфсизликни ўз вақтида сезиб, тизимга мурожаат ҳоллари кўп бўларди.

Сапёр бир марта адашади

- Шундайми?

- Албатта, адашишга ҳаққи йўқ унинг.

- Наҳотки чақирувларга бораётган пайтингиз бирор марта қўрқув бўлмаган сизда?

- Тўғриси, қўрқувни ўйлашга вақт бўлмасди.

- Умуман, қўрқувни ҳис қилганмисиз? Ҳеч нарсадан қўрқмайсизми?

- Айтганимдай, тоғли қишлоқда ўсганим учунми, жисмоний қўрқувни ҳеч қачон ҳис қилмаганман.

- Ёлғон чақирувлар ҳам бўлармиди?

- Ҳа, айниқса янги йил байрамлари арафасида. Бир марта ҳеч эсимдан чиқмайди. Одатда портловчи моддаларни аниқлашга ўргатилган итлар бизнинг асосий ёрдамчимиз бўларди. Ўша сафар итимиз марказий дўкон (яъни, ГУМ) ёнида ўрнатилган арча ёнидаги қутида шундай модда борлигини билдирди. Қутини қўлимга олдим. Ички сезгим билан унда бундай модда йўқлигини ҳис қилдим. Қўлларимда ўзим сезадиган ҳолатда уни қимирлатиб кўрдим ва бирдан одамларни, ҳудудни ва бизни қўриқлаётган ходимларга «хавфсиз» ишорасини бердим.

- Фақат сезгингизга ишониб-а?

- Деярли шундай. Улар алдамаган ҳеч қачон.

- Энг оғир ишингиз қайси бўлган?

- Кўпчилик ёдида бўлса керак, Бухоро вилоятининг Когон туманида йирик база портлаганди. Ҳазилакам эмас, кучли портловчи моддалар портлагани етмаганидай, қанчаси километрлаб масофага сочилиб кетганди. Ўшаларни топиб, зарарсизлантириш учун бир гуруҳ бўлиб боргандик. Куни билан тиззалаб, граната ва бошқа шундай моддаларни излаймиз, кечгача оёқлар қавариб кетади. Гуруҳ раҳбари бўлганим учун бирга борган йигитларга нисбатан масъуллик ҳис қилганим учун толиққандим. Адашмасам, қирқ кун давомида тинимсиз ишладик, катта ҳудудни кезиб чиқдик, ҳар бир қадам хатарли эди.

- Фаолиятингиз давомида нечта портловчи қурилмани зарарсизлантиргансиз?

- 20 га яқин бўлса керак, санамаганман.

- Ва бирор марта қўлларингиз қалтирамаган, шундайми?

- Биласизми, энг хавфли вазиятларда ҳам бу вазифага ишим деб қараганман. Фақат бир марта… Давлатимизнинг юксак мукофоти II даражали «Шон-шараф» орденини топширишаётганда ҳаяжон босган.

- Ички ишлар тизимида сўзларингизга кўра 16 йил ишлашингиз, қисқа муддатда старшиналикдан подполковник даражасигача бўлган йўлни босиб ўтишингиз осон бўлмагандир?

- Албатта! Бу соҳада ҳам фаолиятимни тушунган устозларим қўллашган. Тен Николай Виссарионович, Шарапов Отажон Маматхонович,Аҳрорқулов Рустам Раббимқулович, Жабборов Музроб Жабборович сингари устозларимдан, ўз хизмат соҳасининг фидойиларидан бир умр миннатдорман.

20 йил оилада, аммо оиладан ташқарида

Қодир Эргашев, нафақадаги подполковник, сапёр, умрининг қарийб 20 йилини, яъни 1998 йилдан 2014 йилгача ички ишлар тизимида меҳнат қилиб ўтказди. Хўш, оилада у қандай инсон? Фарзанд­ларига қандай ота бўлди?

- Шу тизимда ишлаган пайтлари, яъни 20 йил туғилган кун, байрамларни бирга нишонлашнинг ҳечам иложи бўлмасди, - дейди у кишининг турмуш ўртоғи Анора Эргашева. – Фарзандларим дадам қачон ишдан келаркан деб ухлаб қоларди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, кичик қизим ўша пайт­лар тўрт ёки беш ёшларда эди, дадаси ишга кетаётганда билдирмай, машинани орқасига яшириниб ўтириб олган. Дадаси ишга бориб, машинадан тушаётганда «дада, бугун менам сиз билан ишлайман!» (Буни қарангки, бу қизим улғайгач, ростдан ҳам дадасининг йўлини танлади) деган. Болалар дадасининг меҳрига ташна эди, туну кун халқ хизматида ишлагани учун уларга вақт ажратиши мураккаб эди. Биз турмуш ўртоғимнинг ишини тушунган ҳолда муомала қилардик. Аммо болаларига меҳрибон ва доим баҳоларидан, тарбиясидан хабардор эди. Беш нафар фарзандимиз ҳаммаси ўз йўлини, касбини топди. Бир қизимиз ота изидан бориб, шу тизимда меҳнат қилмоқда. Нафақага чиққач, ўша йигирма йиллик кемтиклар тўлдириляпти, деб ўйлайман. Ҳозир болалар билан вақтини ўтказиб, невараларига меҳрибон бобо бўлиб юрибдилар. Ҳашаматли уйлар қуришга, қиммат машиналар олишга қизиқмадилар, қайси ишда ишласа-да, ҳалолликни биринчи ўринга қўйганига кўп гувоҳ бўлганман. Камтарона ҳаёт кечиришни шараф деб биладилар.

Дарвоқе, Қодир Эргашев айни пайтда ҳам ички ишлар тизими учун нафақада бўлса-да, аслида ҳали меҳнат қиладиган ёшда. Айни пайтда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасида фаолият юритади. Табиат шайдоси, унинг муҳофазаси йўлида ўша масъулият, ўша бурч билан фаолият кўрсатмоқда. Бу сафарги меҳнат фаолияти ҳам қайсидир маънода тинчлигимиз, хавфсизлигимиз билан боғлиқ...

Дарвоқе, тинчлигимиз, мусаффо осмонимиз ҳақида гап бошлагандик. Тинчлик олий неъмат эканлиги ҳақида гапирар эканмиз, одатда бу ҳолатга фақат давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳот, тўғри сиёсат натижаси деб қараймиз. Табиийки, шундай, аммо бу масалада қўшимчаларим бўлади доим. Шу юртнинг фидойи инсонлари, элпарварлари, юрагида ўти, вужудида шижоати, билими бор кишиларнинг заҳматли кунлари, ўзини ишига бағишлаган умри ҳам мужассам бу олий неъматдан баҳраманд бўлаётганимизда. Жонини хатарга қўйиб, минг тўсиқ бўлса-да, фидойилик билан меҳнат қилаётган, қайси соҳада бўлмасин, аввало, вазифасини виждонан бажараётган, коррупция ва бошқа иллатларни кўриб, унга қарши курашиш фойдасиз бўлаётганини англаган бўлса-да, бу йўлидан қайтмаётган, кимларнингдир эътирофига, эътиборига сазовор бўлиб, турли ёрлиқлар олмаса-да, жимгина ўз ишини виждонан бажараётган минглаб инсонлар бор ҳозир ҳам юртимизда. Ҳар бир даврнинг муваффақияти ўша пайтдаги ислоҳотлар, тўғри ташаббуслар, тўғри йўналиш билан бирга уни бажараётган инсон омилига ҳам ҳар жиҳатдан боғлиқ. Бугун юртимиздаги яхши ўзгаришларда мана шундай, жимгина, ўз вазифасини садоқат билан уддалаётган, кези келганда рағбатлантирилиб, баъзида эътиборсиз қолаётган инсонларнинг ҳиссаси катта. Бугунги кунларимизга, мусаффо осмонимиз учун уларнинг ҳам заҳматли меҳнатлари олдида таъзим қиламиз.

Гулруҳ МЎМИНОВА.