Самарқандлик шифокор ва ижодкор Зайниддин Норманга Дубайдаги олимпиадада ташкилотчилари қандай нома юборган?

Асли касби шифокор бўлган Зайниддин Норманни кўпчилик танийди. Зайниддин Норман тиббиёт соҳасида беморлар дардига шифо топиб, элда ҳурмат қозониш билан бирга, илмий тадқиқот ишларида ҳам фаолият юритиб, Тиббиёт фанлари номзоди деган шарафли номга сазовор бўлган.

Ҳам илмий, ҳам бадиий соҳада ижод қилиш камдан-кам инсонларга насиб этади. Зайниддин Норман серқирра истеъдод соҳиби. У шоир сифатида ҳам халқ орасида танилди ва эътибор топди.

Яқинда Дубай шаҳрида Фан, таълим, технология ва санъат йўналишларида 1- олимпиада ўтказилиб, унда 60 та давлатдан 479 нафар киши онлайн иштирок этди. Улар орасида Зайниддин Норман ҳам бор эди ва у ўз иқтидори билан чемпионликни қўлга киритди. Асарлар фан ва таълимнинг 36 та, санъатнинг 6 та тури бўйича намойиш этилди. Баҳоловчи ҳакамлар орасида 27 нафар Нобел мукофоти совриндорлари ҳам бор эди.

Олимпиада ташкилотчилари номидан Зайниддин Норманга: "Сизнинг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган Фан, таълим, технология ва санъат бўйича 1-олимпиада ўйинларидаги ишончли ғалабангиз билан чин қалбимиздан табриклаймиз ва бундан кейинги илмий фаолиятингизда янада улкан зафарлар тилаймиз! Сиз Олимпиада чемпионисиз, мамлакатингиз ва Университетингиз фахрисиз!" дея битилган табрик хати эътиборимизни тортди!

Зайниддин Норман илм-фан тараққиётига, бадиий адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётган, мамлакатимиз номини дунёга таратаётган олим ва ижодкорларимиздан бири.

Ҳасан АЛМАТ.