Самарқандлик тадбиркорлар "Ўзбекистон – Жанубий Корея ишбилармонлари бизнес-форуми"да иштирок этди

Форумда вилояи ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев, Ўзбекистонинг Жанубий Кореядаги элчиси Алишер Абдусаломов сўзга чиқиб, Самарқанднинг иқтисодий салоҳияти, инвестициявий имкониятлари ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилгани, икки мамлакатнинг кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришида ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри мустаҳкам алоқаларни ўрнатишнинг ўрни катта эканлиги таъкидланди. Ўзаро товар айирбошлаш, сармоя киритиш, саноат ва савдо соҳаларида ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида сўз юритилди.

Адиз Бобоев қишлоқ хўжалиги, таълим, тўқимачилик, тоғ-кон саноати, электротехника, фармацевтика ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш учун Самарқандда катта имконият мавжудлигини қайд этди.

Форум доирасида ташкил этилган учрашувларда тадбиркорлар фаол иштирок этиб, аниқ лойиҳа таклифлари асосида ҳамкорлик қилиш истиқболларини муҳокама қилди.

Форумда бир қатор икки томонлама ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди. Бу орқали тармоқлар ва ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини янада ошириш, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, шаҳар инфратузилмасини барпо этиш, тежамкор технологиялардан фойдаланиш ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.