Самарқандлик тадбиркорлар Қорақалпоғистонда аграр тармоқ ривожи учун 402 миллиард сўмлик лойиҳа ишлаб чиқди
Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида ҳудудда ҳали фойдаланиш имконияти кенг бўлган кўплаб ресурслар мавжудлиги ва улардан самарали фойдаланиш борасида аниқ режалар ишлаб чиқиш кераклиги тўғрисида бир қатор фикрлар билдирган, бунинг учун вилоят, туманлардан соҳа мутахассислари жалб этилиб, ҳудуддаги имкониятларни ўрганиш вазифаси қўйилганди.
Шу мақсадда вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи Содиқ Ҳакимов бошчилигидаги вилоятимиз мутахассислари Қорақалпоғистонда аграр тармоқда фойдаланиш мумкин бўлган йўналишлар, ишга солинмаган имкониятларни ўрганмоқда.
Вилоятимиз вакиллари Нукус туманидаги ўрганишларда аниқлашича, туманда фойдаланишга киритиш мумкин бўлган 3 минг гектар ер майдони мавжуд. Ушбу майдонларни фойдаланиш (оборот)га киритиш учун ирригация-мелиорация ишларини амалга ошириш зарур. Бунинг учун 42 километрлик ирригация-мелиорация ишларини олиб бориш, яъни зовур, каналларни тозалаш, ички суғориш тармоқларини тозалаб, қайта таъмирлашга тўғри келади. Ҳозирда бу ишлар учун сув хўжалиги билан биргаликда чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, 14 та тик суғориш қудуқларини қазиш ҳисобидан майдонларни фойдаланишга киритиш бўйича сувчилар билан керакли ишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, бир қанча бўш турган бинолар аниқланиб, мазкур биноларда паррандачилик, чорвачилик лойиҳаларини жойлаштириш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Фойдаланишдан чиққан майдонларда ҳозирги кунда интенсив боғлар, узумзорлар ташкил этиш, иссиқхона, балиқчилик хўжаликлари, тут плантацияларини кўпайтиришга қаратилган жами 402 миллиард сўмлик лойиҳалар ишлаб чиқилди.
Бу лойиҳаларни амалга ошириш учун вилоятимиздаги салоҳиятли тадбиркорларни жалб қилган ҳолда қарийб 3,5 мингта янги иш ўрни яратиш борасида иш олиб борилмоқда.
Вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси ахборот хизмати.