Самарқандлик талабалар Германияда амалиёт ўтамоқда
Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берди. “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг бирдан-бир тўғри йўлидир... Фаровонлик гарови – таълим, тарбия ва билимда. Зеро, барча эзгу мақсадларга билим ва таълим орқали эришилади”, деди Юртбошимиз.
Ҳар бир давлатнинг истиқболи илм-фан, техника, таълим тараққиёти билан баркамол кадрларни вояга етказишга боғлиқдир. Малакавий амалиёт талабаларнинг олий ўқув юртида олиб бориладиган таълим-тарбия жараёнининг изчил давоми саналади ҳамда олинган назарий билимларни мустаҳкамлаш ва мазкур билим, кўникма, малакаларни бевосита ишлаб чиқариш жараёнига қўллаш имконини беради. Бу борада фан-таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияни амалга ошириш таълимнинг сифатини бевосита амалиётлар билан мустаҳкамлаш борасида Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида қатор ишлар бажарилмоқда.
Филиалнинг иқтисодиёт, барқарор қишлоқ хўжалиги ва рақамли технологиялар кафедраси ассистенти Ойбек Норбоев Италиянинг Pisa ва Бельгиянинг Antverp университетларида таянч докторантурасига Италиянинг Pisa университети гранти маблағлари ҳисобидан 2022 йил 1 декабрдан 2026 йил 29 декабргача бўлган муддатга ҳамда битирувчи Аҳмаджон Нуруллаев Бельгиянинг Gent университетига қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш магистратура йўналиши бўйича ўқишга юборилди.
Бугунги кунда филиалда 84 нафар талаба иш билан банд бўлиб, шундан 32 нафари илмий лойиҳаларда, 44 нафари бўлимларда ва 8 нафари бунёдкор отрядга ишга олинган. 2022 йилда 11 нафар магистрант Германиянинг йирик қишлоқ хўжалиги компанияларида ҳақ тўланадиган стажировкада бўлиб қайтишди. Ҳозирда эса 31 нафар 3-курс бакалавр талабалари ушбу давлатнинг илғор аграр компаниялари ва фермер хўжаликларида 3 ойлик хорижий амалиётни ўтамоқда.
Талабаларимиз амалиёт даврларида иссиқхонада мева-сабзавот экинлари етиштириш ҳамда гул кўчатларини парваришлаш, етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини саралаш, сақлаш ҳамда қайта ишлаш, замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларида ишлаш бўйича ўз кўникма ва тажрибаларини орттирмоқда.
Талабаларимизнинг айнан илғор техника ва технологияларда ишлай олиш кўникмаларини шакллантириш, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаб, сифатли таълим олишлари келажакда республикамизнинг аграр тармоғи ривожига муносиб ҳисса қўшади, албатта.
Ҳусниддин Хонқулов,
Тошкент давлат аграр университети
Самарқанд филиали директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, доцент.