Самарқандлик туризм йўналишидаги талабалар шу йилдан Сингапурда “Ёзги мактаб”ни ўташи мумкин
Бу ҳақда Малайзиянинг «UCSI» университети ҳамда Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети вакиллари ўртасида онлайн-музокаралар чоғида келишиб олинган. Мазкур онлайн мулоқот Ўзбекистон элчихонаси кўмагида ташкил этилди, дея хабар бермоқда “Дунё”.
Мулоқотда дастлаб Малайзия вакиллари Ўзбекистон раҳбарияти томонидан сайёҳлик ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, шунингдек, халқаро туризм соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар билан таништирилган.
«UCSI» икки томонлама диплом бериш, докторантура дастурлари ва профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, талабалар алмашинуви, қўшма илмий тадқиқот ишлари ҳамда академик стандартларни бошқариш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирган.
Малайзия университети қўшма таълим дастурлари ва аниқ илмий-амалий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда йўлга қўйиш мақсадида «Ипак йўли» университетида ўқитиладиган мутахассисликларга қизиқиш билдирган.
“Учрашув якунлари бўйича Самарқанд университети раҳбариятининг январь ойи охирида Куала-Лумпурга ташрифини ташкил этиш ва ташриф давомида Ҳамкорлик меморандумини имзолаш масаласини ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.
Томонлар, шунингдек, малайзиялик мутахассисларни маърузалар, семинарлар ва вебинарлар ташкил этиш учун Самарқандга «меҳмон профессор» сифатида жалб этиш, шунингдек, Куала-Лумпур ва Саравак штатидаги кампусларда ўзбекистонлик талабалар учун «ёзги мактаблар» ўтказишга келишиб олди” дейилади хабарда.
Маълумот учун: 1986 йилда ташкил этилган «UCSI» университети Малайзиядаги етакчи ва энг йирик хусусий олий билим юртларидан бири бўлиб, «QS Rankings 2023» маълумотларига кўра, дунёдаги энг яхши 300 та университет қаторига киради. Таълим муассасасининг етакчи йўналишлари «Туризм ва меҳмондўстлик индустриясини бошқариш» (жаҳон рейтингида кучли 40 таликка киритилган) ва «Бизнес ва менежмент» (энг яхши 250 талик)дир.