Самарқандлик йигитлар тенгдошини “Тik-Tok”га қўйиш билан қўрқитди

Уларнинг ҳаракати товламачилик сифатида баҳоланмоқда.

8 апрель куни фуқаро 25 ёшли М.Мақсуд Самарқанд шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 5 апрель куни 26 ёшли У.Муҳиддин уни алдов йўли билан Самарқанд тумани Бўзи маҳалласи ҳудудидаги қаровсиз жойга олиб бориб, у ерда унга тазйиқ ўтказиб, нархи 2 миллион 200 минг сўмлик “SAMSUNG S-20A” русумли, нархи 1 миллион 500 минг сўмлик “SAMSUNG” русумли телефон аппаратларини ҳамда 200 АҚШ доллари ва 112 минг сўм пулини очиқдан-очиқ талон-торож қилганини билдирган.

Маълум бўлишича, ушбу ҳолат 25 ёшли Б.Шерзод томонидан видеотасвирга олиниб, видеотасвирни “Тik-Tok” ижтимоий тармоғига чиқариб, шарманда қилиш йўли билан қўрқитиб, икки дона телефон аппаратини қайтариб олиши учун 5 миллион сўм пул беришини талаб қилган.

Мурожаат асосида шу куни Самарқанд шаҳри Кафтархона маҳалласи ҳудудида У.Муҳиддин ва Б.Шерзодлар М.Мақсуддан товламачилик йўли билан 400 АҚШ доллари олаётган вақтида ушланган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан У.Муҳиддин ва Б.Шерзодларга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “в” банди (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари жараёнида жабрланувчи М.Мақсуд У.Муҳиддин официант бўлиб ишлаган ресторанда овқатланиб, 1 миллион сўм пулларни тўламасдан кетиб қолганлиги сабабли У.Муҳиддин ишдан бўшатилганлигини қасдини олиш мақсадида ушбу жиноятни содир қилганлиги аниқланган.  

Ҳозирда тергов давом этмоқда.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.