Самарқандлик ёшлар инглиз тили халқаро имтиҳонидан рекорд натижа қайд этди
Самарқандлик икки мактаб битирувчиси IELTSда 9 (энг юқори) баллга тенг бўлган натижага эга бўлди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги Самарқанд бўлими ўқитувчи тренери Нодир Салиевга кўра, агентлик ташаббуси билан Cambridge Assessment Englishning Ўзбекистондаги имтиҳонлар маркази (Innovative Centre - UZ050)да инглиз тилининг мукаммал сўзлашувчилари ўртасида ташкил қилинган Cambridge Assessment Englishнинг C2 Proficiency имтиҳони ўтказилди ва унда самарқандлик Парвиз Субҳонқулов ва Тимур Жалилов инглиз тили билимларини Россия ва Ҳиндистон давлатларидан келган инглиз тили экспертлари ўртасида рекорд натижани қўлга киритган ҳолда исботлади.
Қувонарлиси, мазкур C2 (CPE) имтиҳони инглиз тилини фалсафа доктори (PhD) даражасида билувчилар учун яратилган бўлса-да, Парвиз ва Тимурбек энг баланд баллни қўлга киритди.
Маълумот учун: Cambridge Assessment Englishning C2 Proficiency имтиҳони дунё бўйлаб ташкил қилинган инглиз тилини текширувчи энг биринчи тестлардан бири бўлиб, 1913 йилдан бошлаб ўтказилиб келинади. Биринчи тестда фақатгина 3 киши қатнашган бўлиб, улар тестдан ўта олмаган.
Шунингдек, C2 Proficiency имтиҳони инглиз тилини баҳоловчи дунёнинг етакчи ташкилоти - Cambdridge Assessment томонидан ўтказилувчи энг нуфузли тест ҳисобланиб, у инглиз тилида эришиш мумкин бўлган энг юқори натижани текширувчи имтиҳон. Самарқандлик ёшларимиз қўлга киритган натижа IELTSдан 9 баллга эга бўлиш билан тенгдир.