Самарқандликларга шу пайтгача қанча дори жамланмалари тарқатилди?
Гарчи, бугун карантин чоралари чекланиб, қарийб барча ижтимоий соҳа, маиший хизмат, савдо хизмат кўрсатиш шохобчалари иш бошлаган бўлса-да, бу ҳали коронавирус бутунлай чекинганини англатмайди. Аксинча, ҳушёрликни янада ошириш, аҳоли орасида санитария қоидаларига амал қилишни янада кучайтириш лозим. Айни пайтда вирусга чалинган, уйида даволанаётган ёки унинг белгиларини енгилроқ шаклда ўтказаётган беморларни даволаш учун қандай чоралар кўрилмоқда? Бу ҳақда Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Нодира Мирзаева қуйидагиларни сўзлаб берди.
- Айни пайтда Самарқанд шаҳрида 11 та оилавий поликлиника фаолият кўрсатиб, уларнинг барчасида мобиль бригадалар ташкил этилган, - дейди Н.Мирзаева. – Уларнинг иккитаси, яъни 2- ва 4-оилавий поликлиникалар коронавирус хасталигига чалинган, гумон қилинган беморлар билан тўғридан-тўғри ишлашга мўлжалланган. Ушбу поликлиникалар рентген, ЭКГ ва бошқа асбоблар билан жиҳозланган. Кундузги стационар учун шароитлар яратилган.
Қолаверса, ҳар бир поликлиникада Ковид-марказ ташкил қилинган бўлиб, унда ҳудуддаги аҳолининг чақирувлари, ковид аниқланган ва улар билан алоқада бўлган оила аъзолари рўйхат шакллантирилиб, ҳолидан хабар олинмоқда.
Айтиш керакки, 6 августдан то ҳозирга қадар Самарқанд шаҳрида коронавирус аниқланган ёки улар билан мулоқотда бўлганларга 2098 та дори жамланмалари тарқатилди. Кундузги стационарда эса касалликнинг енгилроқ шаклда ўтаётганларнинг даволанишлари учун шароитлар яратилди.