Самарқанднинг 100 жойида яшил майдон барпо этилади

Бугун Самарқанд шаҳрининг қайси кўчасидан юрманг, албатта, кўзингиз ранг-баранг гуллар ва дарахтларга тушади. Жумладан, Бўстонсарой кўчаси бўйлаб юзлаб лола, жўка ва эман дарахтлари экилмоқда.
- Кўчанинг икки четида 5 мингга яқин манзарали дарахт, бута ва гул кўчатлари экдик, - дейди “Байтқўрғон Усмонова Наргиза” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Ҳожиакбар Эркинов. - Шунингдек, Рудакий кўчасида шумтол, Ибн Сино кўчасида магнолия ва лола, Афросиёб кўчасида акация дарахти кўчатлари ҳамда 750 туп ток экилди.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг маълумотларига кўра, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида шаҳарда 563 минг туп мевали ва манзарали дарахт ҳамда буталар экилиши режалаштирилган. Барча ниҳоллар Германия, Италия, Канада, Хитой, Нидерландия, Польша, Туркия, Швейцария ҳамда Япония давлатларидан олиб келиниб, Тошкентдаги иссиқхоналарда ўстирилган ва иқлимга мослаштирилган.
Ҳар бир яшил ҳудуднинг экологик шароитидан келиб чиққан ҳолда кўчатлар танланиб, экиш ва томчилатиб суғориш ҳамда дарахтларни парваришлаш, зараркунандалардан ҳимоя қилиш бўйича доимий фаолият юритувчи ишчи гуруҳи фаолият олиб бормоқда.
Мазкур гуруҳ томонидан март ойидан бошлаб, шаҳар бўйлаб “Яшил ойлик” тадбири асосида ҳар бир маҳалла, кўча, ижтимоий соҳа муассасалари, ташкилот ва корхоналарда умуммиллий лойиҳа доирасида экилаётган дарахт ва буталар ҳисоби юритилмоқда. Улар томонидан бир турдаги дарахт кўчатлари экилган 5 та намунавий кўча ташкил этилган.
- “Байтқўрғон Усмонова Наргиза” фермер хўжалиги, “Флоренция Гарден” МЧЖ ҳамда “Самарқанд йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхоналари томонидан Ибн Сино, Афросиёб, Уста Умар Жўрақулов, Мирзо Улуғбек, Спитамин шоҳ, Беруний, Зарафшон шоҳкўчаларига дарахт ва буталар экилмоқда, - дейди Самарқанд шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш назорат инспекцияси бошлиғи Ўткир Абсаломов. - Шунингдек, шаҳар халқ таълими ва тиббиёт муассасалари, ободонлаштириш бошқармаси ишчилари томонидан 2 йил давомида парваришлаш шарти билан 349 минг туп шумтол, кипарис, магнолия, жўка, эман, оқ қайин, туя арчаси, қрим ҳамда элдор қарағайлари, лигструм, лола каби манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилди.
Айни пайтда вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси томонидан Расадхона маҳалласи ҳамда Чўпонота тепалигидаги 186 гектар ер майдонида 70 минг туп мевали ва манзарали дарахтларни экиш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек боғини қайтадан реконструкция қилиш орқали жамоат парки, Қорасув массивидаги 38 гектар ерда 8 минг туп манзарали дарахт кўчатлари олиб келиниб, Янги Ўзбекистон боғи барпо этиш кўзда тутилган. Ҳозирда мазкур боғ ҳудудига 4 минг туп манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Самарқанд шаҳридаги маҳаллаларда бўш майдонлар, кўп қаватли уйлар ва марказий кўчаларга туташ ҳудудлардаги 100 та ер майдони ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун тегишли ташкилотларга бириктирилган. Шунингдек, 12 та ер ости қудуғи қазилиб, ишга туширишга тайёрланди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ,