Самарқанднинг азиз фарзанди
Бугун, 30 январь – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллуд куни.
Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида мамлакатимиз номини дунёга танитган, унинг тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатиб меҳнат қилган инсон эди. У ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан халқимиз қалбидан муносиб ўрин олган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги қарорига мувофиқ, биринчи Президентимиз таваллуд топган сана ҳар йили юртимизда кенг нишонланмоқда.
Бугун ушбу сана муносабати билан Ислом Каримов туғилиб ўсган ва мангу ором топган Самарқанд шаҳрида ҳам бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ва жамоатчилик вакиллари иштирокида шаҳардаги Ислом Каримов мақбара-мажмуасини зиёрат қилиш билан бошланди.
Шундан сўнг Регистон майдони яқинида ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. Халқимизнинг ардоқли фарзанди ҳаёти, ибратли ишлари ёдга олинди.
Вилоятдаги таълим муассасалари, маданият масканлари ва бошқа ташкилотларда ҳам Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президентининг ҳаёти ва серқирра фаолиятига бағишланган давра суҳбатлари, илмий-амалий анжуманлар, фотокўргазмалар ўтказилмоқда.