Буюк одамлар ўлмайди

2016 йил ёз ойининг охирги кунлари. Одамлар кўзида қувонч, кўчаларда байрам шукуҳи ҳукм сурар эди. Ўша йили Бразилияда ўтказилган олимпиадада боксчилар яхши натижа кўрсатишган. Уларни Президент қабул қилади, деган илиқ гаплар бор эди.

Кутилмаганда вазият бошқача тус олди. Юртимиз отаси касаллик туфайли шифохонага тушди. Қари-ёш Юртбошига шифо тилаб дуо қилишар. Аммо 2 сентябрь оқшоми мамлакат президенти вафот этганлиги эълон қилинди. Бунга одамларнинг ишонгиси келмас, хабарни ёлғон бўлиб чиқишини исташарди. Афсуски...

Ўша куни Тошкентда эдим. Шаҳарлардаги манзара ҳамон кўз олдимда гавдаланаверади: пойтахт кўчаларига одам сиғмайди. Ҳамманинг кўзи армон ёшлари билан тўла эди. Ислом ота мангу уйқуга кетган, халқ президентини сўнгги марта кўриш, сўнгги манзилга кузатишга чиққан эди.

Сўнгра телевизорда кўрдим: неча асрлардан бери кўп кунларни кўрган, ҳар хил воқеаларга гувоҳ бўлган Регистон 26 йил деганда илк марта кўз ёш тўкди. Тумонат одам йиғилди - 3 сентябрь куни Ислом Каримовнинг жанозаси шу табаррук масканда ўқилди.

Халқ учун яшаш туғилганида тақдирига битилган эди чоғи Ислом Каримов доим халқи, юртини ўйлаб яшади. Халқ учун ўзини унутди. Донишмандлар “Буюк одамлар ўлмайди”, дейишади. Ислом отамиз қалбимизда, юрагимизда абадий яшайди.

Миллионлаб юртдошларимиз қалбидан жой олган Биринчи Президентимиз Самарқанд шаҳридаги табаррук жой - Ҳазрати Хизр мажмуасида мангу қўним топди. Юртбошимиз қабрини зиёрат қилиш учун ҳар куни минглаб одамлар бу ерга ташриф буюради. Қайси вақт бўлишидан қатъий назар одамларнинг қадами узилгани йўқ. Ислом Каримовнинг халқ учун чеккан заҳмати, қилган меҳнатлари зое кетгани йўқ.

Муниса Шамсиева.