Ислом Каримов туғилиб, ўсган хонадон юртдошларимизнинг табаррук зиёратгоҳига айланган

Бугун Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов туғилган кун.

Улуғ йўлбошчимиз дунёга келган 1938 йил – мафкуравий курашлар авж олган даврда бу буюк инсонга Ислом деб исм қўйишнинг ўзи улкан жасорат бўлган. Чунки қатағон айни авж палласига кирган йилларда Ислом дини ҳақида гапиришнинг ўзи киши бошига хавф-хатар солиши ҳеч гап эмас эди.

Маълумотларда ёзилишича, ўша йили вилоятимиз бўйича 1694 нафар ўғил бола туғилган ва фақат биттасининг исми Ислом бўлган экан. Бу – саккиз фарзандни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган, юксак тарбия берган Абдуғани ака ва Санобар оналарнинг қанчалик жасорат соҳиби эканликларидан дарак.

Бугун Ислом Каримов туғилиб, вояга етган Самарқанд шаҳар Даҳбеди маҳалласидаги ана шу табаррук хонадон барча учун қадрли маскан. Бу ердан ҳамон юртимизнинг турли бурчакларидан келаётган одамларнинг қадами узилмайди. Бу халқимизнинг Биринчи Президентимизни севганидан, ота каби эъзозлаганидан далолат.

Зеро, Ислом Каримов ўзбек халқини озод, Ўзбекистон давлатини мустақил қилди. Энг муҳими, нафақат юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлади, балки минтақадаги вазиятни барқарорлаштирди. Самарқандликлар шундай буюк инсон билан бир масканда яшаганидан доим фахрланади.