Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Асрий орзулар рўёби Ислом Каримов томонидан амалга оширилган эди

Ўтган асрнинг 30-40 йилларида собиқ СССР бўйлаб жабр-ситам авжига минди. 1937-1938 йилларда «Миллий операциялар» натижасида юртимизда 335 мингдан ортиқ киши қатағон қилинди.

1930-1940 йилларда чет элда ўқиганлар кейинчалик «халқ душмани» сифатида қатағонга учраган. Энг ачинарлиси, уларнинг аксарияти ўзлари билмаган ҳолда «жосуслар»га айланган. Мисол учун, немис ўқитувчилари Берлинда таълим олаётган талабаларга Ўзбекистон ҳақида, унинг тоғлари, дарёлари, ишлаб чиқариш, табиий бойликлари ва бошқалар ҳақида иншо ёзишни вазифа қилиб берган. Хаёлларида ҳеч бир ёмонлик бўлмаган талабалар топшириқни бажарган. Бу орқали вақт ва маблағ сарф қилмай Ўзбекистон ҳақида зарур маълумотлар олиниб, уруш режасига киритилган. Немис фашистларининг урушнинг дастлабки кунларидаги режасида Амударё ва Сирдарёдаги кўприкларни, мавжуд сув омборларини портлатиш, ҳатто Бухоронинг собиқ амири Олимхоннинг яширилган хазинасини излаб топиш ҳам бўлганини кўпчилик билмаслиги тайин.

Иккинчи жаҳон урушида фашистлар тор-мор этилди. Аммо Сталин бошлиқ СССР ҳукумати иттифоқ таркибида бўлган республикалар аҳолисини турли йўллар билан қатағон қилди. «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1948 йил 7 декабрь сонида Ўзбекистон ССР Прокуратурасининг хабарида “... Самарқанд область Пахтакор районидаги Дзержинский номли колхознинг бригада бошлиғи Эшбўта Норбўтаев кўсаклари очилган бир ярим гектар пахта майдонига сув қуйиб юборган. Оқибатда 125 килограмм пахта чириган. Норбўтаев 2 йил озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинди...» дейилган.

Қадри шу 120 килограмм пахтачалик турмайдиган одамларнинг кўпи яқинда жанглардан қайтган, ана шу ҳукуматни, у қамалаётган юртни, қамаётган одамларни деб умрида қилмаган ишни қилган – одамларни ўлдирган, ўқ еган...

1980 йилларда собиқ марказ томонидан ўзбек халқига нисбатан оммавий қатағонларнинг янги босқичи бошланди. «Пахта иши» деб ўзбек халқи номига турли туҳмат ва бўҳтонлар ёғдириб, минг-минглаб бегуноҳ инсонлар жазога тортилди. Тельман Гдлян ва Николай Иванов бошлиқ терговчилар зулм ва зўравонликни шу даражага етказдики, асоссиз жиноий жавобгарликка тортилганларга сохта айбномалар ва бўҳтонларни тан олдириш учун уларнинг оила аъзоларини, қариндошларини, ҳамкасбларини қийноққа солишди. Бу ҳам ошкораликни бўғишнинг бир кўриниши бўлиб, халқимизни руҳан бўйсундиришга қаратилган эди.

1989 йилда Ислом Каримов республика раҳбари бўлгач, у кишининг қатъий иродаси, матонати билан мустабид тузумнинг сиёсий найранглари фош этилиб, бегуноҳ айбланган юртдошларимиз оқланди. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тикланди.

Республикамиз мустақилликкача босиб ўтган йўл, бу йўлдаги уринишлар, қаршиликлар ҳақида кўп ёзиш мумкин. Биз уларнинг айримлари ҳақида тўхталдик, холос.

Бугун тараққиёт йўлида дадил илгарилаб бораётган мамлакатимиз барча соҳаларда катта ютуқларга эришяпти. Бунда эса биз танимаган, лекин истиқлол йўлида фидойилик кўрсатган юртдошларимизни унутмаслигимиз керак. Асрий орзуларимиз рўёбида улкан ишни амалга оширган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номи эса доимо қалбимизда бўлади.

Иззатулла Норқувватов,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.