Самарқандлик икки спортчи Осиё чемпиони бўлди

Таиландда 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда. Мусобақанинг қизлар ўртасида финал баҳсида 8 нафар боксчимиз рингга кўтарилди.

Уларнинг 6 нафари ғалаба қозониб, олтин медалга сазовор бўлди. Икки боксчимиз финалда имкониятни бой берди ва кумуш медал билан юртимизга қайтади. Яна икки нафар боксчимиз бронза медалини қўлга киритди.

Ғолиблар орасида самарқандлик спортчилар ҳам бор. Жумладан, 54 килограмм вазн тоифасида Нигина Ўктамова, 66 килограмм вазн тоифасида Навбаҳор Ҳамидова Осиё чемпионлигини қўлга киритди. Шунингдек, 57 килограмм вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган яна бир самарқандлик боксчи Ситора Турдибекова кумуш медалга эга чиқди.

Терма жамоамиз сафида қуйидаги боксчиларимиз совриндор бўлишди:
Олтин:
-48 кг: Фарзона Фозилова
-50 кг: Сабина Бобоқулова
-52 кг: Феруза Казакова
Кумуш:
-70 кг: Азиза Зокирова
-75 кг: Соҳиба Рўзметова

Бронза:
-63 кг: Зиёда Ярашева
-81 кг: Саҳобат Ҳусанова

Маълумот учун, қизлар терма жамоамиз мусобақага 11 нафар боксчи билан йўл олганди.
Йигитлар ўртасида финал баҳслари эртага, 26 январ куни ўтказилади ва унда 10 нафар боксчимиз финалда рингга кўтарилади.