СамДАҚИ олимлари доим изланишда

 Кеча битта инновацион ғоя устида бош қотирган бўлсак, бугун янада кўпроқ ғояларни ўйлашимиз керак. Бу орқали аҳоли турмуш тарзига янгилик ва енгилликлар киритиш, меҳнат сарфини камайтирган ҳолда унумдорликка эришиш, ишлаб чиқаришга инновацион ишланмалар жорий қилишни мақсад қилганмиз. 

Ўтган йил 100 дан ортиқ ишланмалар устида иш олиб борган олимларимизнинг 30 га яқин инновацион ишланма ва илмий-тадқиқот натижалари амалиётга жорий этилди. Бу ишланмалар учун 865 миллион сўмлик шартномалар имзоланди.
Жумладан, институтимиз олимлари томонидан яратилган "Ўзбекистон тарихий-меъморий ёдгорликларининг нур архитектураси", "Ноанъанавий энергиядан фойдаланиб, электр энергия олиш қурилмаси", "Шаҳар айрим чиқиндиларидан вермикомпост (биогумус) тайёрлаш технологияси", "Амир Темур ва темурийлар боғларига хос анъанавий "Чорбоғ" услубидаги миллий боғнинг меъморий лойиҳаси", "Асбест толалари билан дисперсли арматураланган бетонлар олиш технологияси", "Тахтали учбурчак тўсин ферма", "Тоғ кон ишларидаги қазилманинг ҳажмини аниқлаш ва фазовий тасвирлашнинг электрон модели" каби инновацион ишланмалар 2017 йил Самарқанд, Жиззах, Қарши, Бухоро, Навоий шаҳарларида ўтказилган "Х Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар" республика ярмаркаси доирасидаги ҳудудий ярмаркаларда эътироф этилди. 
Бу йил институт олимлари ва иқтидорли талабалар томонидан ишлаб чиқилган инновацион ғоялар базасини яратиш ва уни институтнинг интернет сайтига жойлаштириш, инновацион ишланмалар қўлланилиши мумкин бўлган корхоналар билан ҳамкорлик шартномаларини тузиш мақсадида инновацион ғояларни ишлаб чиқиш, амалиётга жорий қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. 

Усмон ХУШВАҚТОВ,
СамДАҚИ илмий ва илмий педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи.