СамДЧТИ талабалари ҳам ётоқхонага онлайн ариза орқали жойлаштирилади
Самарқанд давлат чет тиллар институтида янги ўқув йилидан талабалар турар жойларига жойлашиш юзасидан аризалар бериш онлайн тартибда manager.samdchti.uz платформаси орқали жорий йилнинг 14 сентябридан 20 сентябригача (шу куни ҳам) қабул қилинади. Бу ҳақда институт ахборот хизмати хабар берди.
Aризалар институт ва факультет ишчи гуруҳлари тавсиясини инобатга олган ҳолда институт комиссияси томонидан 25 сентябрга қадар кўриб чиқилади.
Талабаларни турар жойларига жойлаштиришда “Талабалар турар жойи тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ мавжуд ўринлардан эҳтиёж ва талаб юқори бўлган ҳолатларда қуйидаги мезонлар кетма-кетлиги асосида талабалар устунликка эга бўлади:
– чин етим талабалар;
– Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари;
– ногиронлиги мавжуд талабалар (1- ва 2-гуруҳ);
– ижтимоий ҳимояга муҳтож, моддий аҳволи оғир талабалар (шунингдек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”да турувчи оила фарзандлари, “Ёшлар дафтари”га кирувчи талабалар ва битта оилада икки ёки ундан ортиқ шахс тўлов-шартнома асосида ўқиётган бўлса);
– хориждан келиб таҳсил олаётган талабалар;
– узоқ вилоятлар ва туманлардан келган 1-2 курс талабалари.
Биринчи босқич талабаларини жойлаштириш ўқув жараёнлари бошланганда, яъни 26 сентябрдан кейин ҳам давом этади.
Бугунги кунда институтда 4 та талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, жами 1690 ўринга мўлжалланган. Институт Кенгаши қарорига кўра, ушбу ётоқхоналарда истиқомат қилганлик учун тўлов миқдори бир ойга 150 минг сўм этиб белгиланди. Бундан ташқари, Самарқанд шаҳар Гагарин кўчаси 43-уйда жойлашган ДХШ асосида янги қурилган талабалар турар жойига ҳам 1 октябрдан бошлаб талабалар жойлашиши мумкин, дейилади хабарда.