СамДЧТИда талабаларнинг 10 фоизи ётоқхона билан таъминланган
Кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида мутасаддиларга талабалар турар жойларини кўпайтириш, бу масканларда ёшларга муносиб шарт-шароит яратиш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишдан сўнг Самарқанд вилояти ҳокиминининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Х.Очилов Самарқанд давлат чет тиллар институти талабалар турар жойида бўлди.
Айни пайтда институтда 7741 талаба таҳсил олмоқда. Институтда 625 ўринга эга ётоқхона мавжуд бўлиб, 10 та (30 та ўрин) хона хорижий давлатдан келиб ишлаётган профессор-ўқитувчилар ва таълим олаётган талабаларга ажратилган. Институт қошидаги академик лицей талабаларидан 50 нафари ҳам шу ётоқхонага жойлаштирилган. Бугунги кунда талабаларнинг ётоқхона билан таъминланиш даражаси 10 фоизни ташкил этади. 3500 дан ортиқ талабанинг ётоқхонага эҳтиёжи бор.
- Институтда қабул квоталарининг йилдан-йилга кўпайиши ҳисобига келгуси 3 йилда талабалар сони 10 минг нафардан ошиб кетиши ва бу жараён талабаларнинг ётоқхонага бўлган эҳтиёжини янада ортишига олиб келади, - деди институт ректори Илҳомжон Тўхтасинов. - Келажакда институт учун камида 4000 кишилик талабалар турар жойи зарур.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари ректор ҳамда талабалар ётоқхонасига масъул ходимларга бу ерда талабалар учун барча зарур шароитлар яратилиши лозимлиги, келгусида қўшимча ётоқхона бинолари қурилиши ёхуд ажратилиши билан боғлиқ масалалар бўйича ўз таклифларини берди.
Хуршида Эрназарова.