SIUT талабаларининг дипломолди амалиёти Хитойнинг нуфузли корпорацияларида ташкил этилади
Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва ижтимоий соҳанинг барқарор ривожланишини таъминлашда, табиийки, юқори технологияли энергетика муҳим ўрин тутади.
Юртимизда энергетика соҳасида юқори малакали муҳандис кадрларни тайёрлаш бўйича жорий йилнинг 6 апрелида Самарқанд халқаро технология университети ва Хитойнинг “Northeast Electric Power University” университети ўртасида Хитойнинг глобал энергетикани ривожлантириш борасидаги муҳим ютуқларидан самарали фойдаланишга йўналтирилган ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
2023 йил 18 май куни мамлакатимиз Президентининг Хитойга давлат ташрифи чоғида ХХР раиси Си Цзиньпиннинг таклифига бинонан 2023-2027-йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш дастурига имзо чекилди. Қувонарлиси, мазкур дастур доирасида юртбошимиз томонидан имзоланган 41 та ҳужжатлар орасида Самарқанд халқаро технология университетининг Хитойнинг “Northeast Electric Power University” ҳамда “Tianjin University of Science and Technology” университетлари билан имзолаган ҳамкорлик меморандумлари ҳам борлигидир.
2023 йил сентябр ойидан бошлаб Самарқанд халқаро технология университетида муҳандислик факультетининг 5 та йўналиши (кончилик, нефт-газ, кимё, геология муҳандисликлари, ахборот технологиялари) ва бизнес ва иқтисодиёт факультетининг 2 та ихтисослиги (тадбиркорлик ва менежмент) ҳамда халқаро логистика ихтисослиги бўйича, шунингдек, Корея технологияси ва маданияти институти томонидан очилган ихтисосликлар - рақамли иқтисодиёт, қайта тикланувчи энергия манбалари, дизайн йўналишлари ҳамда университет қошида Хитойнинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири “Northeast Electric Power University” билан ҳамкорликда ташкил этилган иссиқлик энергетикаси ихтисослиги бўйича талабалар таҳсил ола бошлади.
Инглиз тилида дарс ўтилаётган ушбу ихтисосликлар бўйича ўқув дастурлари AҚШ, Хитой ва Корея Республикасининг техник олий таълим дастурлари стандартлари асосида яратилган. Университетда 13 та давлатдан келган камида PhD илмий даражасига ва етакчи хорижий университетларда кўп йиллик халқаро тажрибага эга хорижий профессор-ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда. Профессор-ўқитувчиларнинг ана шундай юксак касбий маҳорати ва илмий салоҳияти туфайли эндигина икки ёшни қаршилаётган Самарқанд халқаро технология университети “WEB OF SCIENCE” бўйича Ўзбекистондаги миллий илмий тадқиқот базаси платформасидаги таълим муассасалари рейтингида 5-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.
Жорий йилнинг 18-сентябр куни Чанчун шаҳрида Хитой Халқ Республикаси таълим вазирлиги ва Жилин провинсияси ҳукумати ҳомийлигида саноат, таълим ва илмий тадқиқотлар ҳамкорлиги ва интеграцияси бўйича йиллик халқаро ажуман ўтказилди.
Анжуманда дунёнинг турли давлатларидан таниқли олимлар иштирок этди. Тўрт йилдан бери ўтказилиб келинаётган мазкур анжуман ўз фаолияти билан иссиқлик техникаси, энергетика ва муқобил энергия манбаларини яратиш бўйича ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликнинг нуфузли илмий платформасига айланди.
Тадбир давомида Самарқанд халқаро технология университетида Хитой энергетика институтининг очилиши рамзий маънода ўз тасдиғини топди. Ушбу институтда ўқиш "2+2" шаклида амалга оширилади, яъни талабалар 2 йил Ўзбекистонда ва яна 2 йил Хитойда ўқиш орқали бир йўла иккита диплом соҳибига айланиш имкониятига эга бўлади. Талабалар ўзи танлаган мутахассислик бўйича бошланғич курсларда инглиз тилида, юқори курсларда хитой ва инглиз тилларида таълим олади. Aйни кунларда ушбу йўналишда таҳсил олишни бошлаган талабалар биринчи курсданоқ жадаллаштирилган хитой тили курсини ўрганишга киришган.
Шунингдек, анжуманда Самарқанд халқаро технология университети, “Northeast Electric Power University” университети ва Хитойнинг шимоли-шарқий электр энергетикасини лойиҳалаш институти ўртасида уч томонлама ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Ушбу шартномага мувофиқ, Самарқанд халқаро технология университети қошида ташкил этилган Хитой энергетика институти талабаларининг дипломолди амалиёти Хитойнинг ушбу етакчи лойиҳа институти, Хитой Huaneng Group Co., Ltd. таркибига кирувчи бешта йирик давлат электр энергияси ишлаб чиқариш корпорациясида ташкил этиладиган бўлди.
Германиялик олим, кимё бўйича Нобел мукофоти совриндори Хартмут Михель ушбу ташаббусга катта қизиқиш билдириб, Самарқанд халқаро технология университети билан ҳамкорлик қилишга розилигини таъкидлади.