Сана: 7 апрель – Бутунжаҳон саломатлик куни

1950 йилдан бери ҳар йили 7 апрелни дунё ҳамжамияти Бутунжаҳон саломатлик куни сифатида нишонлаб келмоқда.

1948 йил 7 апрель соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ассамблеянинг биринчи йиғилишида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)га асос солинган. Ўзбекистон 1992 йилнинг 25 майда ЖССТга аъзо бўлган. ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 1993 йилда Тошкентда ўз фаолиятини бошлаган.

Хўш, БМТ ушбу санани қай тарзда нишонлайди?

Бутунжаҳон саломатлик куни – бу инсонларнинг саломатлиги ва фаровонлиги муҳофазаси йўлида биргаликда чора-тадбирлар ўтказиш мақсадида сайёрамизда истиқомат қилувчи ҳар бир аҳолининг эътиборини саломатлик ва соғлиқни сақлаш муаммоларига жалб қилишга қаратилган глобал кампаниядир.

Бутунжаҳон саломатлик кунини нишонлаш билан боғлиқ бўлган тадбирлар ЖССТнинг бошчилигида ташкиллаштирилади. Ушбу кунни нишонлаш муносабати билан ҳар йили соғлиқни сақлаш соҳасида долзарб бўлган масалаларга халқаро жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш мақсадида муайян бир мавзу белгилаб олинади. Бундай мавзу ёки шиор остида турли-туман тадбирлар, ташаббус ва танловлар уюштириш орқали, соғлиқни сақлаш билан боғлиқ бўлган масалалар ечимини топишдаги жамоатчилик иштироки рағбатлантирилади.

Жумладан, 2020 йил “Халқаро ҳамширалик ва акушерлик хизмати ходимлари” йили деб эълон қилинган эди. Шу сабабли ушбу кун тадбирлари ҳамширалар ва акушерлик хизмати ходимларининг бутун дунёда одамларнинг соғлиғини ҳимоя қилишдаги муҳим ўрни ва ҳамширалар ва акушерлик хизматларини кучайтириш зарурлигига бағишланди. Афсуски, дунё коронавирус инфекцияси пандемиясига дуч келиши ўз таъсирини кўрсатди ҳамда “Бутунжаҳон саломатлик куни”ни нишонлаш ўзига хос, яъни ташвишли шароитда ўтди.

Коронавирус инфекциясига чалинган беморлар соғайиб кетишлари учун, уларга ЖССТ тавсиялари асосида ва халқаро стандартлар бўйича тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатилди.