Санитар ҳолатлар учун мактабларга чора кўрилиши тўғрими?
Айрим ҳолатлар борки, четдан кузатган кишига шундай кўринади. Чунки муаммога ёндашув одатда бир хил. Йилларки вазият ўзгармайди, ўзгармаётгани учун кўрилаётган чора ҳам...
Йиғилишдан иқтибос
Самарқанд туман 2-сектор ҳудудидаги 53-мактабида ҳожатхона антисанитария ҳолатида, қўл ювиш жойи ташкил этилмаган.
Жомбой туман 4-сектор ҳудудидаги 31-мактаб ҳожатхонасидан чиққанидан сўнг шароит қилинмаганлиги сабабли ўқувчилар қўл ювмасдан дарсга кирмоқда.
Бундай шароитда болалар ўртасида юқумли ва паразитар касалликлар келиб чиқмаслигига ким кафолат беради?
Масала қанчалик жиддий, бу ҳақда мутахассислар гапиргани тўғри бўлади.
Аммо бошқа нозик жиҳатлари борки, бунга жамоатчиликнинг, ҳуқуқ-тартибот идораларининг эътибори керак, бизнингча.
Нега?
Чунки шу кунларда айни масала юзасидан мактаблар жаримага тортиляпти. Жавоб берсин-да, дейишга шошилманг.
Жавобгарликдан олдин бир нарсага аниқлик киритиш зарур, назаримизда. Нега санитар ҳолат ёзда ўрганилмайди, жаримага тортиш мантиқсизлик бўлиб қолмаслигиги учунми?
Ёзда мактабда болалар бўлмаслигини “СЭС”дагилар ҳам билгани учунми?
Табиийки, куз-қишдаги аҳвол аниқ - дириллаб турган муаллим бечорадан санитар ҳолатни талаб қилиш 2 марта мантиқсизлик.
Демак, энг қулай пайт айни кунлар эканда-а?
Умуман, мақсад таълим масканларида санитар ҳолатни жойига қўйишми ёки шу масала бўйича жарима ундиришми?
Жавоб излаб кўрамиз?
Соғлом ақл билан ўйлаб кўрилса, таълим масканларида санитар ҳолат юқори даражада бўлиши шарт. Зотан, эртамиз эгалари куннинг катта қисмини шу ерда ўтказади.
Лекин мактабларда санитар ҳолат талаб даражасида эмаслиги учун нега айнан муаллим, майли, мактаб маъмурияти жавоб бериши керак. Ахир давлат раҳбари “мактаб таълимга жавобгар, бошқа ишлар ҳудудий ҳокимликлар зиммасидаги вазифа” деб айтмаганмиди?
Шунда санитар ҳолат учун таълим муассасалари мутасаддиларининг жавобгарликка тортилаётгани ғайриоддий (ноқонуний дейишга тил бормайди) бўлаяптими?
Тартибга ким чақиради?
Бу биргина туман ёки шаҳарда кузатилаётган ҳолат эмас - "хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиряпти". Лекин жазо чоралари нотўғри эканлигига нима учун кўз юмиляпти?
Адлия идоралари бизга ҳуқуқлари бузилгани учун муаллимлар мурожаат қилмаган, деб ўзини четга олиши мумкин.
Хўш, прокуратура органлари-чи, улар ҳам бу ҳолдан бехабарми?
Савол шундаки, мактабларда санитар ҳолат таъминланмагани учун "РайОНО" ёки "ГорОНО" лар жавоб бериши керак эмасми?
Модомики, улар бу масалага жавоб беришмас экан, ушбу идораларнинг таълим ташкилотлари инфратузилмасини ривожлантириш бўлимлари нима учун тузилган?
Жарима қайга кетади?
Айтишларича, санитар ҳолат ёмонлиги учун мактаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жаримага тортилаётган экан. Саноқли таълим масканларида стандарт ҳожатхона борлигини ҳисобга олсак, "ўрмонга ўт кетиб, ҳўлу-қуруқ баравар ёнаётганини" тушуниш қийин эмас.
Демак, ўртача 1,5 миллион сўмдан ҳисобланганда ҳам битта туманда анчагина маблағ тўпланади.
Охирги савол, аслида ўзи бажариши керак бўлган ишни қилмагани учун мактаблар тўлаётган жарима суммаларини туман ва шаҳар ҳокимлари (бюджети)га тушадими?
Бувимнинг мақоли
Раҳматли катта энам (зап доно кампир бўлган-да) "Етимни 7 кўтариб уради Худо, кейин етим қилади Худо", дерди.
Мақолни муаллимларга ҳам қўллаш мумкин. Кўтариб урилавериб, жони тошдан бўлиб кетган устозлар бу жаримани ҳам тўлайверади. Бутун бошли жамоага қанчадан тушарди, деб.
Майли, охири бахайр бўлсин, омон бўлсак кўраверамиз (энам ҳар гапида шундай дерди).
Ё.ГАДОЕВ.