Саодатли кунлар учун курашганлар
Мамлакатимиз тинчлиги ва мустақиллиги учун курашда нафақат Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари, балки Афғон урушида қатнашган байналмилал жангчиларимизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Мана, чорак асрдирки, 9 май санаси халқимиз томонидан ўтган аждодларимизни хотирлаш, нуроний-кексаларни эъзозлаш куни сифатида қарши олинмоқда.
Мазкур байрам Самарқанд халқаро технология университети жамоаси учун алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, инсон қадр-қиммати ҳақида гап борар экан, бу ўринда Афғон уруши ветерани, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими ва олий таълим аълочиси, педагогика фанлари доктори, профессор Юсуф Абдуллаев номини тилга оламиз.
Ўттизга яқин орден ва медаллар соҳиби бўлган Юсуф Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги биринчи фавқулодда ва мухтор элчиси, Вазирлар Маҳкамасида фан ва таълим бўлими бошлиғи, Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори, АҚШ, Корея Республикаси, Италия, Англия, Финландия, Афғонистон, Туркия ва бошқа мамлакатлар университетларининг ҳамда Самарқанддаги бир қатор олий таълим муассасаларининг профессори вазифаларида фаолият кўрсатган.
Бугун 76 ёшли Юсуф Абдуллаев Самарқанд халқаро технология университети ректори сифатида ажойиб жамоани шакллантирди. У кишининг бошчилигида жамоамиз кўплаб ютуқларга эришмоқда. Жумладан, университет 2022 йилда ташкил этилганига қарамасдан, қисқа вақт ичида ўндан ортиқ хорижий мамлакатларнинг нуфузли университетлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди.
Юсуф Абдуллаев шу кунларда Каттақўрғон ва Тойлоқ туманларидаги Афғон уруши иштирокчилари билан учрашувлар ўтказди, шаҳримиздаги таълим муассасаларида ташкил қилинаётган «Уч авлод учрашуви» тадбирларида фаол иштирок этди.
Устозни Хотира ва қадрлаш куни билан муборакбод этиб, илмий фаолиятига муваффақият тилаймиз.
Пўлат НАЗАРОВ,
Самарқанд халқаро технология университети касаба уюшмаси раиси.