Саратонни оилавий поликлиникада аниқлаш имконияти яратилди

Самарқанд шаҳридаги 2-оилавий поликлиника шаҳардаги 36 маҳалланинг 77 минг нафарга яқин аҳолисига хизмат қилади.

Муассасада аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий санитар хизмати сифатини ошириш мақсадида тизимли равишда замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланмоқда. Жумладан, яқинда қиймати 1 миллиард 422 миллион сўм бўлган маммография ускунасининг олиб келинганлиги аҳолига қулайлик яратди. Шу пайтгача ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларидагина мавжуд бўлган ушбу ускунадан энди оилавий поликлиникада ҳам фойдаланишади.

–  300 нафарга яқин мутахассисимиз томонидан аҳоли саломатлигини сақлаш, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиб, турли хасталикларни барвақт аниқлаш чоралари кўрилмоқда, - дейди муассаса бош врачи Дилбар Болтаева. – Маълумки, онкологик касалликлар бошланғич босқичларда аниқланса, уни даволаш имкони шунчалик ортади. Тиббий статистикага эътибор қаратадиган бўлсак, онкологик касалликларнинг айнан кўкрак бези саратони кўп учраётганлигига гувоҳ бўламиз. Шу боис, кейинги йилларда давлатимиз томонидан саратон касаллигини эрта аниқлаш ва даволаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, бу борадаги дастурлар самарасида оилавий поликлиникамизга маммография ускунаси олиб келинди. Мазкур ускуна ёрдамида мутахассисларимиз кунига 50 нафарга яқин беморни тиббий текширувдан ўтказяпти.

Энг муҳими, тиббий кўрикдан ўтган фуқаронинг тиббий маълумоти бир вақтнинг ўзида онлайн режимда Республика онкология ва радиология илмий марказига узатилади. Марказ мутахассислари ҳар бир кўрик бўйича ўз хулосасини билдириб, керакли тавсия ва маслаҳатини ёзиб юборади. Бу ушбу хасталикни барвақт аниқлаш ва даволаш имкониятини янада оширади.

Кўкрак бези саратони 45 ёшдан 65 ёшгача бўлган аёлларда кўп учраганлиги боис, айни пайтда ҳудуд миқёсида ушбу ёш тоифасидаги аёллар ўртасида скрининг жараёнини бошладик.

Оилавий поликлиникага маммография аппарати билан бирга 1 миллиард сўм маблағ эвазига замонавий рақамли рентгент ускунаси ҳам ўрнатилди. Ушбу тиббий жиҳозлар беморларни тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш имконини беради. Муассаса бош врачининг маълум қилишича, йил бошидан буён физиотерапия, лаборатория, УТТ жиҳозлари ҳам бугунги кун талабларига мос замонавийларига алмаштирилган. Яқин кунларда видеокольпоскоп аппарати олиб келиниши кутилмоқда.