Сарҳисоб: Аграр тармоқда кўрсаткичлар қандай?
Қишлоқ хўжалиги соҳаси бугунги кунда иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бирига айланди. Кейинги йилларда соҳада қайта ишлаш, логистика тармоқлари, маҳсулотни сақлаш ва экспорт қилиш имкониятлари кенгайди. Янги иш ўринлари кўпайди. Асосийси, деҳқончиликда илм-фан ютуқлари, инновацион ишланмалар, янги техника ва технологиялардан фойдаланилмоқда.
Майдон ўзгармасдан ҳосилдорлик ортмоқда
Жорий йилда вилоятимиз пахтакорлари 73,2 минг гектар майдонда ғўза парваришлади. Пахта ҳосилдорлиги гектарига ўртача 40 центнерга етди. Вилоятдаги пахта етиштирувчи 2217 фермер хўжалиги 59,2 минг гектар ерда эртапишар 6,6 минг гектарда маҳаллий янги навлар ҳамда 7,3 минг гектарда хорижий навлар экди. Шу ўринда эътибор қаратадиган жиҳати, ўтган йил билан солиштирилганда ғўза экин майдони ўзгармаган бўлса-да, ҳосилдорлик гектарига 3,8 центнерга ёки 27 минг тоннага ошди. Етиштирилган ҳосилнинг 19 фоизи терим машиналари ёрдамида йиғиштириб олинди.
94,2 минг гектар майдонга кузги бошоқли дон экилиб, 725,1 минг тонна ҳосил тайёрланди. Ўртача ҳосилдорлик гектарига 77 центнерни ташкил этди. Рақамлар ўтган йил билан солиштирилганда майдон ўзгармаган ҳолда ҳосилдорлик гектарига 3,2 центнерга, етиштирилган ҳосил эса 29,6 минг тоннага ошгани маълум бўлади.
Озиқ-овқат хавфсизлиги - асосий вазифа
Қишлоқ хўжалиги йўналишининг асосий мақсади озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Шундан келиб чиқиб, 2024 йил ҳосили учун 33084 гектар сабзавот экинлари, 1165 гектар полиз экинлари 20 минг гектар асосий майдонда картошка экилди.
Вилоят аҳолисини 2024 йилда 10 турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари (картошка, пиёз, сабзи, ун, гуруч, гўшт, ўсимлик мойи, гўшт, парранда гўшти, тухум ва сут) билан таъминлаш чора-тадбирлари белгиланди. Бу борадаги режалар ортиғи билан бажарилди. Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш, аҳоли томорқалари, деҳқон ва фермер хўжаликлари ерлари, айниқса, дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳисобига ички бозорда нархлар барқарорлиги таъминланди.
Чорвачилик энг муҳим тармоқлардан
Вилоятда қорамол бош сони 1,7 миллионга етди ва ўсиш 102 фоизни ташкил этди. Хўжаликларда 326,2 минг тонна гўшт (тирик вазнда) тайёрланиб, 1 миллион 40 минг тонна сут ишлаб чиқарилди.
Чорва моллари наслини яхшилаш учун хориждан 3900 бош қорамол ва 13275 бош қўй-эчки олиб келинди. Қиймати 760,1 миллиард сўмлик 458 та лойиҳа ишга тушди ва 2553 та иш ўрни яратилди. Ҳозиргача 388 та қорамолчилик (652,8 миллиард сўм), 25 та паррандачилик (57,5 миллиард сўм), 29 та балиқчилик (18,7 миллиард сўм), 10 та қўй-эчкичилик (21,8 миллиард сўм), 5 та асаларичилик (7,6 миллиард сўм) лойиҳалари амалга оширилди. Озуқа базасини мустаҳкамлаш учун асосий майдонларда 16,1 минг гектарда озуқабоп экинлар экилди. 31 та интенсив технология асосида озуқа ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Жорий йилда вилоятда чорвачиликни ривожлантириш бўйича умумий қиймати 600 миллиард 670 миллион сўмлик 82 та лойиҳа ишга туширилди.
Йил якуни билан барча тоифадаги хўжаликларда қорамоллар бош сонини 1 миллион 804 мингга етказиш режалаштирилган.
“Етти хазинанинг бири” бўлган парранда сони 15,3 миллион бошни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 107 фоизга ошган. Соҳада 166 минг тонна парранда гўшти етиштирилган, 1,3 миллиард дона истеъмол тухуми ишлаб чиқарилди. Дарвоқе, паррандачилик соҳасида вилоятимиз республикада етакчи сифатида эътироф этилади. Ҳозир вилоятда 213 та паррандачилик хўжалиги фаолият кўрсатмоқда.
Вилоятдаги 513 та балиқчилик хўжалиги 1,034 минг гектар сунъий сув ҳавзаси ва 2,3 минг гектар табиий сув ҳавзасида фаолият юритмоқда. Мавсум давомида сув ҳавзаларидан 17,9 минг тонна балиқ овланди, 398 гектар сунъий сув ҳавзалари интенсивлаштирилди. Бу соҳада умумий қиймати 18,7 миллиард сўм бўлган 29 та лойиҳа ишга туширилиб, 185 та иш ўрни яратилди. Яқин йилларгача балиқчилик хўжаликлари бошқа вилоятлардан балиқ чавоқлари келтирарди. Эндиликда вилоятдаги балиқ чавоқлари етиштиришга ихтисослашган хўжаликларда 60 гектар майдонда репродуктор ҳавзалар ишга туширилиб, уларнинг майдони 470 гектар қуввати 42 миллион донага етказилди.
Асалари оилалари сони 98 минг донани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 113 фоизга ошди. Жами 1,3 минг тонна асал етиштирилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан фоизга кўпайди. “Ҳар бир оила - тадбиркор” давлат дастури доирасида 1150 та аҳоли хонадонида тижорат банкларининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан 11,5 мингдан ортиқ асалари оиласи боқилиши йўлга қўйилди.
2023 йилда қиймати 116,1 миллиард сўмлик 321 та қишлоқ хўжалиги техникаси харид қилинган бўлса, 2024 йилда 174,4 миллиард сўмлик 650 та қишлоқ хўжалиги техникаси сотиб олиниб, техника таъминоти 84 фоиздан 87 фоизга етказилди.
Сув тежовчи технологиялар муаммонинг ягона ечими
Бу йил вилоят бўйича 28 минг гектар экин майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий этилди. Бунинг ҳисобига 78 миллион метр куб сув иқтисод қилинишига эришилди.
Экспорт салмоғи ортмоқда
2023 йилда вилоятимиздан 172,3 миллион долларлик мева-сабзавот экспорт қилинганди, 2024 йилда эса бу кўрсаткич 355 миллион долларни ташкил қилди.
Мева-сабзавотни сақлаш учун вилоятда 211 минг тонналик 10 та агрологистика маркази ҳамда 200 минг тонналик 251 та совуткичли омборхона фаолият юритмоқда. Жорий йилда лойиҳа қиймати 90,8 миллион долларлик яна 8 та совуткичли сиғимлар лойиҳаси амалга оширилди.
Бугун вилоятда 12 та пахта-тўқимачилик, 11 та ғаллачилик, 12 та мева-сабзавотчилик, 6 та картошкачилик ва 1 та доривор ўсимликлар агрокластери фаолият кўрсатмоқда.
Инвестиция дастури доирасида 3,02 триллион сўмлик 145 та лойиҳани ишга тушириш ҳисобига 2400 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳалари доирасида жами 146,3 мингта иш ўрни яратилмоқда.
Ипакчилик ва жун саноати эътиборга муҳтож даромадли соҳалар
Кўп йил давомида ипакчиликка етарлича эътибор қаратилмади. Натижада, ипак қурти боқишга иштиёқ пасайди, мажбуриятлар қоғозда бажарилган ҳолатлар ҳам бўлди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соҳага эътибор кучайтирилди. Ипак қурти боқувчилар учун рағбат кучайди, мавсумда ипак қурти боққанлиги учун иш стажи ҳисобланадиган бўлди. Ипак қурти хомашёси бўлган тут дарахти экилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилда 11,4 миллион туп тут кўчати экилди ва 60,3 минг қути ипак қурти боқилиб, 3558 тонна пилла хомашёси тайёрланди. Соҳада 66 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланди, 11 та қайта ишловчи корхонада 246 миллиард сўмлик ипак маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. 20 миллион долларлик маҳсулоти экспорт қилинди.
Тўқсонбости қишки даромад
Деҳқончиликда “тўқсонбости” усули деҳқонларимиз томонидан қадимдан қўллаб келинади. Бу усулда экилган уруғ 90 кунлик қишни қор остида ўтайди. Шу сабабдан ҳам бу усулни деҳқонларимиз “қорбости” ёки “тўқсонбости” деб аташади.
Тўқсонбости усулида экиш совуққа чидамли сабзавотлардан эрта кўкламда арзон ва мўл сабзавот етиштириш имконини яратиш баробарида, кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари танқис “илик узилди” пайтида ички бозор эҳтиёжини қоплайди, экспорт имкониятларини кенгайтириб деҳқонларни бойитади.
Бу йилги мавсумда 2025 йил ҳосили учун барча тоифадаги ҳўжаликларда 70 минг 379 гектар майдонда тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилмоқда.
Бу ҳаракатлар аҳолининг эҳтиёжини қондириш, бозорлар тўкинлигини таъминлаш ва барқарорлигини сақлашга хизмат қилади.
Руслан Муродов,
вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси шуъба бошлиғи.