Сарҳисоб: Ижтимоий давлат тамойили қандай самара беряпти?
Конституциямизда мустаҳкамланган айни тамойил биз учун янгилик эмас. Халқимиз азалдан қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган бева-бечораларнинг ҳолидан хабар олиб, муҳтожларга меҳр ва мурувват кўрсатиб келган. Эътиборлиси, энди бу жараёнда давлат бош ислоҳотчи сифатида иштирок этиб, фуқароларнинг ижтимоий фаровонлигини оширишга қаратилган комплекс лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилмоқда.
Давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг ҳудудий бўлимлари, “маҳалла еттилиги” таркибига киритилган ижтимоий ходим лавозими мазкур фикрнинг амалий исботидир. Ўтган қисқа вақтда соҳа мутахассислари томонидан ҳар бир маҳаллада 12 тоифадаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар хатловдан ўтказилиб, йиллар давомида ечимини кутган муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Вилоятимиз мисолида гапирадиган бўлсак, тизим бу даврда 11,4 минг нафар шахсга индивидуал ижтимоий хизматларни кўрсатди. Жорий йилнинг бошида вилоятда 101632 нафар ногиронлиги бор фуқаро рўйхатга олинган бўлса, хатлов натижасида яна 6837 нафар фуқарога ногиронлик белгиланди. Ачинарлиси, уларнинг орасида турли сабаблар билан 15-30 йиллар давомида ногиронлик белгиланмаган, демакки, давлат томонидан кафолатланган ижтимоий кўмакни олиш имкони бўлмаганлари ҳам бор. Амалий тадбирлар давомида уларнинг 8925 нафарига нафақа тайинланди, 9918 нафарининг бандлигига кўмаклашилган бўлса, яна 2729 нафари параспортга жалб қилинди.
Ёшларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласи ҳам фаолиятимизнинг асосий йўналиши сифатида белгиланган. Ҳозиргача ташкилотимиз томонидан 11882 нафар ёшларнинг назоратга олиниши таъминланди. Уларнинг таълим-тарбиясини назорат қилиш мақсадида 8190 нафарига васийлик тайинланди, 3129 нафарига ҳомийлик белгиланди ва 375 нафари фарзандликка берилди. Ҳозирда 157 нафар қаровсиз бола ижтимоий муассасаларда тарбияланаётган бўлса, 38 нафари оила муҳитига қайтарилди.
Бу рақамларни яна давом эттириш мумкин. Асосийси, ижтимоий хизмат соҳасида замонавий тизим яратилди ва у муттасил такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, яқинда Президент раислигида ўтказилган йиғилишда ҳам ижтимоий хизматларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Таъкидланганидек, ҳозир фуқаролар ижтимоий хизмат ва ёрдам олиш учун 10 дан ортиқ ҳужжатни ўзи билан олиб юришга мажбур бўлмоқда. Президент 2025 йилнинг 1 июлигача “ижтимоий карта” жорий этиш бўйича таклиф берди. Мазкур карта ёрдамида жамоат транспортида бепул юриш, электр, газ ва ўқиш харажатига компенсациялар олиш мумкин бўлади. Нафақа ва ёрдам пуллари ҳам шу картага тушади. Бу билан фуқароларнинг оворагарчилигига чек қўйилади.
Бугун вилоятимизда 11882 нафар бола ижтимоий ҳимояга олинган. Бундан ташқари, 20 минг нафардан ортиқ ёшларда турли даражадаги ногиронлик мавжуд. Президент йиғилишда ногиронлиги бор ёшларни таълим билан қамраб олиш масаласига алоҳида тўхталиб, бунинг учун ҳар бир туманда биттадан боғчада инклюзив таълим гуруҳи, мактабларда инклюзив синфлар очилиши, ҳаракати чекланган болаларнинг мактабга келиб-кетиш харажатининг 75 фоизи қоплаб берилишини айтди. Бу ўз навбатида ёш авлоднинг таълим ва тарбия олишида тенг имкониятлар яратиш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Йиғилишда ногиронлик сабаблари, уларга ёрдам бериш масалалари таҳлил қилиниб, қатор туманларда ногиронлиги борларни реабилитация қилиш қамрови пастлиги таъкидланди. Бу муаммога барҳам бериш учун ҳар бир вилоят ва туман шифохонасида реабилитация хизматини йўлга қўйиш, ногиронлик реабилитация марказларида эрготерапия, физиотерапия, даволаш-гимнастика хизматлари қамровини 5 карра ошириш, тиббиёт олийгоҳларида реабилитация кафедраларини очиш бўйича вазифалар белгиланди. Эътиборлиси, ногиронлиги борларга бериладиган протез ва реабилитация воситалари рўйхати ҳам кенгайтирилиб, 37 тага етказиладиган бўлди. Бугун вилоятимиздан 15706 нафар фуқаро айни воситалар билан таъминланган. Янги қулайлик эса уларнинг саломатлигини тиклаш ва ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим саналади. Бу ўз навбатида ногиронлиги борларнинг жамиятга тезроқ қайтиши ва ўзи истаган меҳнат фаолияти билан шуғулланиши учун имконият дегани.
Президент бу жараённи рағбатлантириш мақсадида 2025 йилнинг 1 январидан ногиронлиги бўлган ишчилар учун ижтимоий солиқни 1 фоиз этиб белгилаш таклифини берди. Шунингдек, корхоналарга сурдо-таржимон, психолог ва кўзи ожизлар учун ҳамроҳлик хизмати харажатига 50 миллион сўмгача субсидия ажратилиши айтилди.
Хулоса қилиб айтганда, Юртбошимиз ташаббуси билан бошланган бу ислоҳотлар тизимнинг барча йўналишларини қамраб олади. Бундан келиб чиқиб, биз ҳам 2025 йил учун қатор вазифаларни белгилаб олдик. Жумладан, янги йилда ўзгалар парвариши билан банд бўлган 1831 нафар шахсга ишлаш имкони яратилиш, 6,9 минг нафар ногиронлиги борларни реабилитация қилиш, 5,1 минг нафарини адаптив спорт турига жалб қилиш, уларнинг 18 минг нафари бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Давлат боғчаларида ташкил этиладиган инклюзив гуруҳларга 77 нафар, мактаблардаги инклюзив синфларга 284 нафар бола жалб қилинади. Шунингдек, 98 та ижтимоий объект ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилади.
Хуршид НАЗАРОВ,
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи.