Саркисян ҳукмрон фракция раҳбари билан муддатидан олдин сайловлар ўтказишни муҳокама қилди

Арманистон президенти Армен Саркисян "Менинг қадамим" Миллий мажлисининг ҳукмрон фракцияси раҳбари Лилит Макунц билан муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказиш имкониятини муҳокама қилди, дея хабар қилди Арманистон раҳбари \хизмати.

Қайд этилишича, учрашув президент ташаббуси билан ташкил этилган сиёсий маслаҳат доирасида бўлиб ўтган.

"Мамлакатдаги зиддиятли вазият ва ички сиёсий инқироздан чиқиш йўллари муҳокама қилинди. Шу нуқтаи назардан сиёсий кучлар ўртасидаги мулоқот ва муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказиш бўйича келишувга эришиш муҳимлиги қайд этилди", дейилади президент веб-сайтидаги баёнотда.

Шанба куни Саркисян "Ёрқин Арманистон" мухолифат фракцияси раҳбари Эдмон Марукян билан маслаҳатлашув ўтказишни ҳам режалаштирди. Бунгача у бош вазир Никол Пашинян билан муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказиш имкониятларини муҳокама қилди.

Маълум қилганимиздек, Пашинян Россиянинг "Искандер" ракета тизимлари тўғрисида ўйламай айтган сўзларидан кейин Ереванда яна бир сиёсий инқироз авж олди. ОАВ хабарларига кўра, Арманистон Бош штаби бошлиғининг ўринбосари Тиран Хачатрян Бош вазирнинг устидан кулди ва истеъфога чиқарилди, унинг ортидан Бош штаб бошлиғи Оник Гаспарянга ҳам истеъфога чиқиш таклиф этилди. Арманистон Қуролли Кучлари Пашиняннинг ҳам истеъфога чиқишини талаб қилишмоқда. Бош вазир буни давлат тўнтаришига уриниш сифатида қабул қилди ва тарафдорларини кўчага чиқишга чақирди. Бу пайтда оппозиция баррикадалар ўрнатди ва парламент яқинида лагер қурди, улар Бош вазир истеъфосини қатъий талаб қилмоқда.