ХДП вилоят кенгаши сиёсий имтиҳонларга қандай тайёргарлик кўриляпти?
Жорий йил халқ ноиблари сайланиши кутиляпти. Бу жараёнда номзодлар фақат сиёсий партиялардан кўрсатилишини ҳисобга олиб, бу тузилмаларнинг вилоят кенгаши раисларига бир неча саволлар билан мурожаат қилдик. Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилояти кенгаши раиси Бадриддин Насриевнинг жавоблари қуйидагича бўлди.
- Вилоятимизда 500 нафарга яқин депутат фаолият олиб боради. Лекин аҳолининг аксарияти депутатларини танимайди. Бунга сабаб нима, деб ўйлайсиз?
- Вилоят кенгаши томонидан халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларида Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланган 115 депутат фаолият олиб бормоқда. Шундан 8 нафари халқ депутатлари вилоят Кенгашида.
Депутатлар фаолияти давомида аҳолининг мурожаат ва таклифларидан келиб чиқиб, бир қатор ишларни амалга оширди. Жумладан, ўрганишлар натижасида тузилган дастурлар асосида депутатлик гуруҳи томонидан доимий комиссия ва сессияларда 320 дан ортиқ масалалар муҳокама қилинган. Яъни, шунча муаммога ечим топилган.
Бундан ташқари, депутатларимиз ташаббуси билан 983 та кам таъминланган оиланинг уй-жой таъмири учун амалий кўмак берилди. Шаҳар ва туманларда Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши раиси ва депутатлар сайёр қабули ташкил этилиб, аҳоли томонидан кўтарилган муаммолар ўрганилиб, масъул ташкилотларга зарур кўрсатмалар ва 1478 та депутат сўровлари чиқарилди.
Яна бир гап, партиямиздан сайланган депутатлар томонидан вилоят имиздаги ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, дори-дармон билан таъминлаш ва шу каби ишларда амалий ёрдам бериб келинмоқда.
- Вакиллик органига унинг номзодини қайсидир партия кўрсатган бўлишига қарамай айрим депутатлар ҳатто ўша сиёсий тузилма билан ҳам яқин ҳамкорлик қилмайди. Шундай бўлишига қарамасдан бугунги кунгача бирор депутат чақириб олинган эмас.
Нима деб ўйлайсиз, вакиллик органларига мустақиллик берилаётган бир пайтда бу институтни ишлатиш айни муддао бўлмайдими?
- Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва партиядан сайланган депутатлар ўзаро ҳамкорликда ишлаб келмоқда. Мисол учун, партия сайловолди дастуридан келиб чиқиб, ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни тизимли таҳлил этиш ва аҳолига амалий ёрдам бериш мақсадида ўтган йили «Уйма-уй» лойиҳаси орқали партия ва жамоатчилик вакиллари ҳамда маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлардан иборат ишчи гуруҳи 543 та хонадонга борди. Учрашувлар давомида 400 га яқин мурожаатга ижобий ечим топилди. Шунингдек, 138 та масалада депутатлар 2024 йилги давлат дастурларига киритиш бўйича таклиф ишлаб чиқди.
Жорий йилнинг ўтган даврида эса қайд қилинган лойиҳа доирасида шаҳар ва туманларда 200 дан ортиқ хонадонга борилиб, 136 нафар уюшмаган ёш қамраб олинди. Учрашувлар давомида 31 нафар йигит-қиз иш билан таъминланди, 8 нафарининг кредит билан боғлиқ масаласи ижобий ҳал этилди.
- Умуман, жорий йилги сайловлар ўтган сафаргилардан тубдан фарқ қилиши табиий. Можаритар сайлов, ҳокимлар энди маҳаллий кенгашларга раис бўлмаслиги каби кўплаб омиллар бунга сабаб бўлиши шубҳасиз. Бундай шароитда партиянинг сиз раҳбарлик қилаётган вилоят кенгаши сиёсий имтиҳонларга қай даражада тайёргарлик кўрмоқда?
- Жорий йилги сайловларда муносиб ўрин эгаллаш учун Ўзбекистон Халқ демократик партияси бу сайловга ўзгача ёндашган ҳолда тайёргарлик кўрмоқда. Йил бошидан буён партиямиз томонидан жойларга чиқиб, сайёр қабуллар ташкил қилинди ва фуқароларни қийнаб келаётган 231 та муаммо тингланди. Уларга амалий ёрдам берилди.
«Депутат маҳаллада» лойиҳаси доирасида депутатларимиз ҳар бир маҳалладаги яшаш шароити оғир оилалар билан учрашиб, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритиш бўйича асосли таклифлар берди. Бундан ташқари, партиямиз томонидан халқ билан учрашувлар ўтказилиб, партиямиз мақсад ва вазифалари тарғиб қилинмоқда.
Бу каби саъй-ҳаракатларимиз ўтказиладиган сиёсий имтиҳонларда ўзининг натижасини беради, деб ўйлаймиз.
- Сайлов ҳақида гап кетаркан, табиийки, жараёнлар олдидан партиялар беихтиёр фаоллашади. Айтингчи, ана шу жўшқинликни сақлаб қолиш мумкинми?
- Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайлов йилида ҳам ва бошқа йилларда ҳам фаолиятида сусткашлик бўлишига йўл қўймайди. Мисол учун, 2019-2024 йиллар давомида 2412 дан ортиқ тарғибот тадбири, 365 дан ортиқ сайёр қабул, 630 дан ортиқ учрашув ўтказилди. Яъни, ХДП фақат сайлов йилида ёки сайловлар олдидан жамият ҳаётида бўй кўрсатмайди. У доим фаол бўлишга, одамлар орасида ишлашга интилади. Бунга юқорида ҳам бир қанча мисоллар келтирилди.
- Яқинда ўтказилган тадбирда партия етакчиларидан бири «биз сайлов вақти рақобатлашганимиз билан мақсадимиз бир, яъни ҳаммамиз вилоятни ривожлантириш, аҳоли турмуши фаровон бўлишини истаймиз», деди.
Бу партия етакчилари ҳам ўзаро рақобатга тайёр эмаслигини кўрсатмайдими? Сизнинг фикрингиз?
- Бу фикрда ҳам жон бор - мақсад ривожланиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш. Лекин бу мақсадга ҳар бир сиёсий партия турлича йўл билан боради.
Сиёсий партия ўзининг сайловолди дастурини тақдим этади, лекин ҳамма вақт ҳам дастурда кўрсатилган мақсадлар амалга ошмайди. Сабаби, депутатларнинг фаоллиги етишмайди, яъни бошқарув органлари олдига масала кўтариб, улар ижросини таъминлашда сусткашлик кузатилади.
Партия вилоят кенгаши туман кенгашларидаги депутатлар билан биргаликда сайловолди дастурида белгиланган вазифалар бўйича қатор амалий ишлар қилмоқда. Жумладан, халқ депутатлари Ургут туман Кенгаши депутати Ш.Қўйсинов ўзи сайланган округидаги тадбиркорларнинг рўйхатини шакллантириб, уларнинг фаолияти билан танишди.
Депутат Қ.Ҳасанов томонидан ҳам округ ҳудудида юқоридаги каби ишлар амалга оширилмоқда.
Тадбиркорлик субъектларидаги бўш иш ўринлари тўғрисида аълумотлар берилиб, ишсиз фуқаролар ишга жойлаштирилмоқда.
Демак, рақобат доимо бўлиши шарт сайловгача ҳам сайловдан кейин ҳам.
- Партиянинг сиз раҳбарлик қилаётган вилоят кенгаши, унинг депутатлари фаолиятини 10 баллик тизимда неччига баҳолайсиз?
- Партия вилоят кенгаши ва унинг депутатлари фаолиятини 10 баллик тизимда 9 балл, деб баҳолаймиз. Чунки депутатларимиз томонидан охирги 5 йил мобайнида жуда катта ишлар амалга оширилди. Аввалги чақириқлар билан солиштирганда бу галги депутатларимизнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсири кучли бўлди. Бу ўз навбатида партиянинг нуфузи ва обрўси ошишига хизмат қилмоқда.
- Жамият ҳаётида ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун, партия вилоят кенгашининг режалари қандай?
- Жорий йилда ҳам ҳудудлардаги янги иш жойларини ўрганиб чиқиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш асосий вазифамиз бўлади.
Бундан ташқари, давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси, «Маҳаллада ижтимоий хизмат» лойиҳасини амалга оширишга эътибор қаратилади. «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» тизими устидан депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатилади.
Эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, ирсий касалликлар профилактикаси аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилинмоқда. Шунингдек, кекса авлод вакилларининг ҳаёт сифати ва узоқ умр кўриш даражасини ошириш учун қулай шароитлар яратишдаги муаммолар таҳлилига қаратилган пресс-клуб ташкил қилиш режалаштирилган.
«Соғлом она – соғлом оила» шиори остида оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тиббий кўрик ва спорт мусобақаларини ташкил этиш, ёшларнинг сиёсий, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, сиёсий жараёнларга фаол жалб қилиш мақсадида «Сафимиздаги ёшлар» лойиҳасини амалга ошириш чоралари кўриляпти.
Яна бир мисол, «Аёллар дафтари»да рўйхатда турадиган хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларни касб-ҳунар ўрганишга жалб этиш мақсадида «Ижтимоий ҳимоядан ижтимоий фаоллик сари» лойиҳасини амалга оширмоқчимиз.
Қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини ўрганиш, муҳокама қилиш ва партия позициясидан келиб чиқиб, таклифларни шакллантиришга қаратилган «Муҳокама, таҳлил ва таклиф» мавзусида мунозара клубини ташкил этиш режалари ишлаб чиқилган.
Ёқубжон Марқаев тайёрлади.