Сайлов куни коронавирусга қарши қандай чоралар кўрилади?
Эртага Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни. Айни пайтда ушбу муҳим сиёсий жараёнга сўнгги тайёргарлик ишлари якунига етказилмоқда.
Аммо шу дамда кўпчиликни бир савол ўйлантирмоқда: хўш, юртимизда хукм сураётган пандемия шароитида бўлиб ўтадиган сайлов жараёнлари давомида коронавирус касаллигини тарқалиб кетишига, авж олишига қарши қандай чора-тадбирлар белгиланган?
Сал аввал Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг матбуот марказида бошланган матбуот анжуманида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи, бош давлат санитария врачи Баҳодир Юсупалиев шу ҳақда маълум қилди.
Унинг қайд этишича, "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда коронавирус инфекцияси (COVID-19)ни тарқалиши хавфини олдини олиш тўғрисида” йўриқнома ишлаб чиқилган ва Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори билан тасдиқланган.
Олти боб, 39 банддан иборат ушбу йўриқномада сайловчилар томонидан коронавирус инфекцияси юқишининг олдини олишга қаратилган ва аҳоли турмуш тарзининг ажралмас қисмига айланиб улгурган асосий қоидаларга риоя этилиши белгилаб қўйилган.
Хусусан, сайлов учун ажратилган бинога ташриф буюрганлар ва кузатувчилар, шунингдек барча иштирокчилар ниқоб тақиш қоидасига қатъий амал қилиши учун етарли миқдорда тиббий ниқоблар захираси яратилди.
Биноларнинг кириш қисмида ва овоз бериш хонасида ижтимоий масофани сақлаш учун 1,5–2 метр оралиқ масофа белгиланди ҳамда ҳаракатланиш йўналишини кўрсатувчи чизиқлар чизилди.
Ҳимоя ва профилактика тадбирларини амалга оширишда ҳароратни ўлчаш учун термометр, пирометрлар, бир марталик тиббий қўлқоп, юз ниқоблари (сайлов комиссияси аъзолари учун), антисептик суюқлик (санитайзер) мосламалари сайлов участкаларига етказиб берилди.
Бинобарин, округ ва участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларга камида бир нафардан тиббиёт ходими бириктирилди ва улар томонидан сайлов комиссиялари биноларининг кириш қисмида ташриф буюрувчиларнинг тана ҳароратини ўлчаш, антисептик восита билан қўлларини дезинфекция қилиш ва заруратга кўра ҳимоя ниқоби бериш ишлари ташкиллаштирилди.
Шу билан бирга, сайлов учун ажратилган биноларда шамоллатиш ва сайлов кунидан олдинги дезинфекция тадбирлари ўтказилди.