Сайлов куни қай тартибда ишлаймиз?
Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссияси матбуот марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида семинар ўтказилди.
Шу йилнинг 27 октябрь куни ўтказиладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови жараёнларини ёритиш учун Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилган оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашган тадбирда сайловдан олдин ва овоз бериш кунида журналистларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида сўз юритилди.
Ҳудудий матбуот маркази ва вилоят адлия бошқармаси масъуллари бу борада ОАВ вакилларига зарур маълумот ва тушунчаларни етказди.
– Сайлов қонунчилигимизда белгиланганидек, сайлов пайтида овоз беришдан бошқа барча жараёнлар очиқ ва ошкора амалга оширилади, – дейди вилоят адлия бошқармаси ходими Ориф Муҳаммадиев. – Оммавий ахборот воситалари вакиллари сайлов кампаниясининг боришини, сайлов комиссиялари фаолиятини ёритиб боришга ҳақли. Овоз бериш куни ҳам белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган оммавий ахборот воситалари ходимлари сайлов участкаларида бўлиб, жараённи бевосита кузатган ҳолда материаллар тайёрлаши ва эълон қилиши мумкин. Лекин бу жараёнда ҳам ОАВ вакиллари риоя этиши керак бўлган тартиблар бор ва бугун улар билан шу ҳақда фикрлашиб олдик.
Маълумотларга кўра, бу йилги сайлов жараёнларини ёритиш учун 86 нафар самарқандлик оммавий ахборот воситалари вакиллари, жумладан, 49 нафар газета мухбирлари, 24 нафар телевидение ва радио ходимлари, 13 нафар интернет нашрлар журналистлари аккредитациядан ўтказилиб, уларга Марказий сайлов комиссияси томонидан рухсатнома берилган.
Семинар давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга вилоят ҳудудий сайлов комиссияси масъуллари ва мутахассислардан жавоб олдилар.
Вилоят ҳудудий сайлов комиссияси матбуот маркази.