Сайловга 47 кун қолди
Фуқароларга участка сайлов комиссияси биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш, шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайловчилар рўйхатидан ўзларига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти таъминланади. Чет давлатларда турган фуқароларга сайловчилар рўйхатидаги ўзига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари расмий веб-сайтлари орқали ҳам таъминланади.
Сайловчиларнинг рўйхатлари сайловга ўн беш кун қолганида, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкаларда эса сайловга уч кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилади.
Участка сайлов комиссияси рўйхат билан танишиш жойи ва вақти тўғрисида хабардор этади.
Сайлов комиссиялари сайловчиларнинг рўйхатлари ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилганидан кейин ҳам уларга ўзгартишлар киритиши мумкин.
Сайловчиларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш сайловга беш кун қолганида тўхтатилади.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 29-моддасидан.