Саёҳат. Зиёрат. Ҳордиқ: Самарқандда қатор корхона-ташкилот ишчи-ходимлари республика бўйлаб сафарга чиқди

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят кенгаши ташкил этган матбуот анжуманида кенгаш раиси Суҳроб Рафиқов ўтган йили вилоятимиздан 11700 га яқин ишчи-ходим ва уларнинг оила аъзолари учун республикамизнинг турли шаҳар ва зиёратгоҳларига саёҳат уюштирилганини таъкидлади.
Жумладан, касаба уюшмалари тизимидаги корхона ва ташкилотларнинг 847 нафар ишчи-ходимлари ва оила аъзолари тарихий шаҳарларга саёҳат қилган.
Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан чекка қишлоқларда яшовчи 800 нафар хотин-қизлар учун Самарқанд шаҳри бўйлаб саёҳати ҳамда “Муқаддас аёл” номли маданий тадбир ташкил этилди. Шунингдек, Пайариқ туманининг 500 нафар кам таъминланган оила аъзоларига турли спорт анжомлари совға қилинди.
Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан қатор маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилди. Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси вилоят бирлашган қўмитаси Ўзбекистон “SОS” болалар маҳаллалари уюшмаси Самарқанд филиали оилавий уйи тарбияланувчиларига эсдалик совғалари, Самарқанд шаҳрида 59-сонли кўзи ожизлар махсус мактаб интернатининг 259 нафар тарбияланувчиларига байрам дастурхони ташкил этди. Байрам кунлари 2473 нафар ишчи-ходим юртимизнинг турли шаҳарларига саёҳатга борди.
- Жорий йилда ташкилот ва корхоналарнинг 2671 нафар ишчи-ходимларини касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда соғломлаштиришни режалаштирганмиз, - дейди С.Рафиқов. – Ўтган уч ойда 637 нафар ишчилар имтиёзли тарзда дам олди. Меҳнат ва уруш фахрийлари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оила аъзоларининг 22 нафарига, шунингдек, 147 нафар ўқитувчи ва мураббийларга бепул йўлланмалар берилди.
Тадбирда журналистларга вилоятда болаларни ёзги оромгоҳларга жалб этиш юзасидан ҳам маълумот бериб ўтилди. Ёзги таътил вақтида 20 дан зиёд доимий оромгоҳларда 10 мингга яқин бола дам олса, яна шунча ўқувчи-ёшлар кундузги оромгоҳларда ҳордиқ олади.
Касаба уюшмалари вилоят кенгаши қошидаги Самарқанд туманида жойлашган “Ситора” болалар оромгоҳи вилоятимизда яшаб, меҳнат қилаётган ижодкорларнинг фарзандлари дам олишлари учун ажратиладиган бўлди.
Дилмурод Тўхтаев.