Сайёҳларнинг Самарқандда қолиш муддати ўртача 2,6 кун, кунлик харажатлари 152 долларни ташкил этади
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов туризм йўналишидаги янги лойиҳалар бўйича журналистларга маълумот берди.
Таъкидланишича, Самарқандга сайёҳлар ташрифи сони ошиш билан бир қаторда қолиш муддати ҳам узайган. Уларнинг ҳудудда қолиш кунлари 2021 йил билан солиштирганда ўртача 2,6 кунга етган. Сайёҳларнинг кунлик харажатлари 120 АҚШ долларидан 152 АҚШ долларига ўсган.
Келгусида сайёҳларнинг вилоятда қолиш кунларини яна бир кунга узайтириш орқали туризм хизматлари экспортини йилига қўшимча 14 миллион АҚШ долларига кўпайтириш режалаштирилган.
Қобиловга кўра, сайёҳларнинг қолиш даврларини узайтириш мақсадида жорий йилда 62 та янги туризм йўналишлари ташкил этилади. Бугунги кунда Нуробод, Қўшработ, Ургут, Самарқанд туманларидаги экотуризм, қишлоқ, агро, саноат туризм йўналишлари туристларнинг 20 фоизини қамраб олган.
Ургут туманидаги Терсак, Пайариқ туманидаги Чоштепа, Нуробод туманидаги Оқсой, Каттақўрғон туманидаги Андоқсой ва Қўшработ туманидаги Пангат қишлоқларини туризм қишлоғига айлантириш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, экстремал туризм ёки сафар туризми йўналишида бугунги кунда янги бешта йўналиш ташкил этилган.
Булар:
- Амир Темур ғоригача бўлган Самарқанд-Тарағай йўналишида жами 22 км. масофада;
- Алвастикўл-Шаршара йўналишида бўлган Самарқанд-Омонқўтон-Китоб-Аяқчисой йўналишида 80 км. масофада;
- Самарқанд-Чўнқаймиш йўналишида 34 км. масофада;
- Денгиз сатҳидан 2 239 метр баландликда бўлган Самарқанд-Оҳалик-Кенгқўтан йўналишида 14 км. масофада;
- Самарқанд-Шаршара йўналишида 12 км. масофага эга экстремал туризм йўналишларидир.
Мазкур йўналишларда экстремал туризмнинг альпинизм, тоғ бўйлаб пиёда юриш, велосипедда ҳаракатланиш ҳамда спелио-туризм йўналишлари ташкил этилган.
Дарвоқе, 1 июнь куни Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий кўчасини санъат ва туризм кўчасига айлантириш ишлари якунланиб, топширилиш режалаштирилган.
15 июнь куни Каттақўрғон туманидаги сув омбори ҳудудида чўмилиш ҳавзаси очилади.
Август ойининг бошларида эса “Абадий шаҳар” туристик маркази очилиши режалаштирилган.
Гулруҳ МЎМИНОВА.