Сайёр қабулда 36 нафар фуқаронинг муаммоси ҳал бўлди

Ҳар ойда икки марта чекка ҳудудларда вилоят суди раҳбариятининг сайёр қабуллари қатъий режа асосида ўтказилмоқда. Унда фуқароларнинг жуда кўплаб муаммоларига ечим топиляпти.

Сайёр қабулнинг галдагиси Оқдарё тумани Бобур номли маҳаллада ўтказилди. Унда вилоят суди раиси Олим Ҳайитов дастлаб бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, қонунчиликдаги янгиликлар, давлатимизнинг бу соҳадаги одилона сиёсати, мамлакатимиздаги бугунги сиёсий-ижтимоий вазият, давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, суд-ҳуқуқ тизимидаги сўнгги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида тушунча берди.

Тадбир давомида 36 нафар фуқаро турли масалаларда мурожаат қилди.

Олмазор маҳалласида яшовчи Тошпўлат Ўроқов ололмаётган қарзини ундиришга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Оиласидан ажрашган М.Аҳмедова собиқ турмуш ўртоғидан фарзандини олиш, Сабоҳат Улуғмуродова эса уй-жой низоси ҳамда фарзандликка бола олиш масаласида мурожаат қилди.

Алимент, никоҳ, уй-жой, фермерлик кредит ва қарз ундириш билан боғлиқ масалаларда мурожаат бўлди. Қабул жараёнида жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий масалалар юзасидан фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилди.

Сайёр қабулда ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор қаратилиб, ижобий ҳал этилишига ҳаракат қилинди. Айримлари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.