Сел ва кўчкилар инсон ҳаёти учун ўта хавфли
Ўтган йилнинг баҳорида Ургут, Қўшработ, Нуробод, Булунғур каби тоғ ва тоғолди туманларда 8 кун давомида кучли ёғингарчилик бўлиб, ўнлаб ички йўл ва кўчалар яроқсиз аҳволга келиб қолган эди.
Шунингдек, битта кўприк, 4 та сел йўлидаги очиқ бетон ариқ ва зовурларга зарар етказилиб, 5 та аҳоли хонадонларининг деворлари қулаганди. 20 дан ортиқ аҳоли томорқаларига сув тўпланиб, деҳқончилик қилишга ноқулайликлар келтириб чиқарганди.
Ушбу маълумотлар вилоят Матбуот уйида журналистлар учун ташкил этилган анжуманда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д.Санақулов томонидан очиқланди.

- Ёғингарчилик мавсумида сел, тошқин ва кўчки каби ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида вилоят, шаҳар ва туманлар миқёсида “Тезкор штаблар” фаолияти йўлга қўйилди, - деди Д,Санақулов. - Вилоятнинг хавф мавжуд бўлган ҳудудларига - Ургут туманида 8 та, Самарқанд туманида 2 та, Нуробод туманида 4 та ва Қўшработ туманида 3 та назорат-кузатув постлари ташкил этилиб, улар алоқа воситалари билан таъминланди. Ўнта сув омборининг сел оқимлари ва тошқин сувларини беталафот ўтказиб юборишга тайёрлик ҳолати ўрганиб чиқилди. Аниқланган 20 дан ортиқ камчилик зудлик билан бартараф этилиб, туну-кун навбатчилик ташкил этилди.
Ўрганишларда Ургут тумани ҳудудидан ўтувчи М-39 “Алмата-Бишкек-Тошкент” автомобиль йўлининг 1122-1135-километридаги Тахтиқорача довонида кўчки ва тош қулаши хавфи борлиги аниқланди. Шу сабабли автомобиль йўлининг мазкур участкаларида хавфсиз ҳаракатни ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида доимий навбатчилик олиб борилиши йўлга қўйилди. Омонқўтон маҳалласи Консой қишлоғида 50 тонна туз захира қилиниб, 4 та махсус техника воситалари шай қилиб қўйилди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган даврида сел тошқинларининг олдини олиш мақсадида вилоятнинг барча дарё, сой ва каналларининг ўзанлари тозаланиб, қирғоқ ва дамбалар мустаҳкамланди. Ариқ ва зовурларни сув ўтказиш қобилияти яхшиланиб, сел ювиб кетган автомобиль йўллари қайта тикланди.
Айни вақтда Тойлоқ, Иштихон, Қўшработ, Нуробод ҳамда Каттақўрғон туманларидаги 11 та манзилда дарё қирғоқларини мустаҳкамлаш, дамба қуриш, иншоотларни таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Мазкур ишларга 15 миллиард 577,1 миллион сўм ажратилган. Ушбу объектларни мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш орқали 500 дан ортиқ аҳоли хонадонлари ва 1750 гектардан ортиқ томорқа ва фермер хўжалиги ерлари, шунингдек, 70 дан ортиқ ижтимоий объектларни сув тошқинларидан муҳофаза қилинишига эришилди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.