Сенатда хотин-қизларнинг меҳнат шароити муҳокама қилинди
Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови бўйича амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди.
Дастлаб Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровига келган жавоб муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” ва “Ўзчармсаноат” уюшмалари томонидан саноат корхоналарида хотин-қизлар учун қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг меҳнатига муносиб иш ҳақи тўлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.
Енгил саноат ва чарм саноати корхоналаридаги иш ўринларида хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва бошқариш тартиби ҳамда хавф-хатарларнинг таснифлари ишлаб чиқилди. Шунингдек, ИСО 45001:2018 – “Соғлиқни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги бошқарув тизими” халқаро стандарти афзалликлари ҳамда уни жорий қилиш бўйича қўлланма ва тақдимот материаллари тайёрланди. Ушбу тавсиялар ва қўлланмалар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” ва “Ўзчармсаноат” уюшмалари томонидан тўқимачилик ва чарм саноати корхоналарига етказилди ҳамда уларнинг расмий веб-сайтларига жойлаштирилди.
Мажлис давомида енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизлар учун қулай ҳамда хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг меҳнатига муносиб иш ҳақи тўлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат муносабатлари билан боғлиқ масалаларда иш берувчиларнинг масъулиятини ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Хусусан, “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтасига қўйилган бойкот бекор қилингандан кейин нуфузли бренд кийим-кечак ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг меҳнат стандартларини татбиқ этиш ва меҳнаткашларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш устувор аҳамиятга эга масалалар экани таъкидланди.
Сенаторлар масъулларга ижроси кечиктирилаётган вазифаларни ўз вақтида бажариш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.