Сенатор маҳалла кайвонилари билан дилдан суҳбатлашди
Оқдарё туманининг Пўлатдархон маҳалласида Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев ҳамда Самарқанд вилояти “Хайрли ният” етим болалар ва ёлғиз ногиронлар хайрия жамияти раиси Баҳодир Абдуллаев маҳалланинг обрў-эътиборли, ижтимоий фаол, бошқаларга ибрат бўладиган, катта ҳаётий тажрибага эга фуқаролари билан дилдан суҳбатлашди.
- Ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган бу идоранинг нуфузи кейинги йилларда ошиб бормоқда, – деди Ф.Тошев. - Маҳалла чинакам халқ виждонига айланаётганига барчамиз гувоҳ бўляпмиз. Маҳалла тизимини такомиллатириш, унинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Албатта, бу ҳақда сўз юритганимизда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва бир неча дастурларнинг ҳаётга тадбиқ этилаётгани натижаси ўлароқ, уларнинг самараси бизни қувонтирмоқда. Маҳаллаларни обод қилиш, уларнинг инфратузилмасини янада ривожлантириш борасидаги ишлар шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб, халқимиз турмуш даражаси ҳамда маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Суҳбат давомида Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ва унинг мазмун-моҳиятига ҳам тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, қарор билан тасдиқланган “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш борасида айни жамоатчилик назоратининг муҳимлиги таъкидланди.
Энг муҳими, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш тизими Конституциямизда ва қонунлар билан кафолатланадигани, уларнинг ўз манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий хусусиятларидан, шунингдек миллий ва маънавий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал қилиш борасидаги мустақил фаолият юритиши алоҳида айтиб ўтилди.
Фуқаролар шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар ва маҳаллаларда ўзини-ўзи бошқаришга доир ўз конституциявий ҳуқуқини фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларига мувофиқ фуқаролар йиғинлари, яъни (вакиллар йиғилиши) орқали амалга ошириши ҳам айтилди.
Йиғилганларнинг барча саволига Ф.Тошев қонун доирасида жавоб қайтарди.
Тадбир баҳона маҳалла кутубхонасига Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими томонидан “Зарафшон” кутубхонаси туркуми остида чоп этилган китоблар жамланмаси ҳамда вилоят “Хайрли ният” етим болалар ва ёлғиз ногиронлар хайрия жамиятининг ташаккурномаси, совғалари топширилди.
Ҳусан Элтоев.